Линклар

Учрашув муаммони енгиллаштириш ўрнига баттар қилди


Басира Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухородаги учрашувидан кейин ўзбек-туркман чегарасидан ўтиш муаммолари камайиш ўрнига янада кўпайган.

Ушбу учрашувда ўзаро музокаралардан сўнг икки давлат фуқароларининг чегарадан ўтиш тартиби бирмунча енгиллаштирилиши маълум қилинган эди.

Лекин, маълум бўлишича, чегарадан ўтиш тартиби енгиллашиш ўрнига янада оғирлашган. Илгари Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларда яшовчи фуқаролари Туркманистонга ўтиш учун исталган вақтда 6 доллар тўлар ва беш кун давомида бу давлатда юриши мумкин эди. Эндиликда эса фуқаролар шунча маблағ тўлаб, Туркманистонга ойига фақат бир марта ва уч кунга ўтиши мумкин.

Зулфия Рўзиева бундан бир неча йил илгари Қоракўл туманидан Туркманистоннинг Фараб туманига келин бўлиб тушган. Унинг айтишича, илгари чегарадан ўтиб, яқинларини кўриб келишда ҳеч қандай тўсиққа учрамаган.

“Илгари беш кунга кела олар эдик. Ҳозир эса уч кун бўлибди. Онам оғир аҳволда ётибди. Онамга бир нарса бўлса, мен кела олмайман. Бу ерда онамга қараб турай десам, у ёқда фарзандларим бор”, - дейди З.Рўзиева.

Фуқаро Шавкат Қурбоновнинг билдиришича, у Президентлар учрашганидан хурсанд бўлган ва чегарадан ўтиш осон бўлишига умид қилганди. Лекин барча умидлари пучга чиқди.

“Президентларнинг учрашувидан кейин яхши томонга ўзгариш бўлмади. Агар Туркманистонда уч кундан ортиқ қолиб кетсангиз тўрт юзу неча доллар жаримаси бор. Одамлар ҳеч нарсага улгурмаяпти. Йиғлаб қайтяпти. Туркманистонликлардан сўрасак, бу ўзимизнинг Президент ва вазирлар тутган йўл эканини, Туркманистон томонининг бунга алоқаси йўқлигини айтяпти”, - деди суҳбатдош аёллардан бири.
XS
SM
MD
LG