Линклар

Халқ хоҳлаган номзод рўйхатга олинмади


Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига алоқаси бўлмаган баъзи оддий фуқароларнинг ҳам сайловга ташаббус гуруҳи орқали ўз номзодини қўйишига рухсат этилмаган.

Наманган вилоятидаги Поп шаҳри аҳлининг айтишича, шаҳар фуқаролари оммавий ахборот воситаларида сайловнинг очиқ ва ошкора ўтиши тарғиб қилина бошлаганда бу гапларга ишонган. Сайловга номзод кўрсатиш жараёни бошлангач, улар ташаббус гуруҳи тузиб, Поп шаҳридаги 16-болалар боғчасида хўжалик мудираси билан ишлаётган Олтиной Қосимованинг номзодини 2-Поп сайлов округидан вилоят кенгаши депутатлигига кўрсатмоқчи бўлган. Аммо вилоят сайлов комиссияси ҳужжатларда нуқсонлар борлигини рўкач қилиб, О.Қосимова номзодини рўйхатга олишни рад этган.

Ташаббус гуруҳи аъзоларининг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда болалар боғчаларидаги аҳвол ўта аянчли. Болалар ота-оналарига боғчадаги овқатлар ёмонлигидан шикоят қилмоқда. Боғчалардаги муаммоларни ечиш учун айнан шу соҳани тушунадиган шахс – О.Қосимованинг номзоди вилоят кенгаши депутатлигига кўрсатилган эди.

О.Қосимованинг таъкидлашича, у депутатликка сайланса, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун болалар боғчасини текин қилиш ёки уларга имтиёз бериш масаласини кўтариб чиқишни режалаштирганди. Шунингдек, фермерлик учун ажратилаётган ерлар бойвачча ва амалдорларга эмас, ернинг ҳақиқий эгаси бўлмиш деҳқонларга берилишини назорат этишни талаб қилган бўларди.

Ташаббус гуруҳи аъзоларининг билдиришича, О.Қосимова номзоди кўрсатилмоқчи бўлган округдан Поп тумани ҳокими ҳамда айни пайтда Тошкентда яшайдиган Жаннат исмли аёлнинг номзодлари рўйхатга олинган.

“Депутатликка сайланишимга йўл қўйилмаган бўлса-да, ҳар қандай шароитда халқимизнинг манфаатлари учун хизмат қилавераман”, - деди О.Қосимова.
XS
SM
MD
LG