Линклар

Сиҳат-саломатлик йилидан нима кутилмоқда?


Тўлқин 16 декабрь куни матбуотда Ўзбекистон Президентининг “Сиҳат-саломатлик йили” давлат дастурини шакллантириш борасидаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.

Фармойишнинг биринчи бандида “Сиҳат-саломатлик йили” давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика комиссияси тузилиши белгиланган. Шунингдек, унда келгуси йилда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган барча ислоҳот ва лойиҳаларни давом эттириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг гигиена соҳасидаги маълумотини ошириш, бир сўз билан айтганда, соғлиқни сақлашга алоқадор барча жабҳаларда ислоҳотлар ўтказиш ҳақида гап боради.

Тиббиёт фанлари номзоди Даврон Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, фармойишда белгиланган вазифалар амалга оширилса, жуда яхши иш бўлади. Лекин кўпинча бундай ишлар қоғозда қолиб кетаверади. Бунинг устига, фармойишда белгиланган вазифаларни бир йил ичида бажариш жуда қийин. Унда кўзда тутилган ишларни бажариш учун йиллар талаб этилади.

“Оила” маркази катта илмий ходими Маҳбуба Мираҳмедованинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш борасида мамлакатда анчадан буён ислоҳотлар олиб борилмоқда ва фармойишда белгиланган вазифалар келгуси йилда уларни янада кенг кўламда давом эттиришни назарда тутади. Қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилаётгани, халқаро ташкилотлар лойиҳалари ва чет эл сармоялари асосида “Она ва бола скрининги” каби бир қанча дастурларнинг амалга оширилаётгани соғлиқни сақлаш тизимидаги катта ўзгаришлардир.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг билдиришича, Ўзбекистонда аввалги йиллар ҳам турли номлар билан аталган. Бу йилларни ўтказиш учун турли дастурлар тузилган, катта-катта маблағлар ажратилган. Лекин бу дастурларнинг қайси қисми бажарилгани, қайси қисмида камчиликка йўл қўйилгани ҳақида ҳисобот берилмайди. Ажратилаётган маблағ қандай сарфлангани ошкор этилмайди. Сиҳат-саломатлик йили ҳам худди шу тарзда якун топиши эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG