Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ш.Абдуллаева: Давлат билан ҳамкорлик қилиш ташаббуси ННТдан чиқиши керак


Феруза Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ишлаш гуруҳи раҳбари, иқтисодчи олима, профессор Шарбат Абдуллаеванинг номзоди Халқ демократик партияси томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган. “Озодлик” мухбири у билан суҳбатда бўлди.

Мухбир: Депутатликка сайлансангиз аёлларнинг қандай муаммоларини кўтариб чиқмоқчисиз?

Ш.Абдуллаева: Ўйлайманки, аёлларни, айниқса, қишлоқ хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш борасида мавжуд бўлган муаммоларни ечиш учун муайян тадбирлар ўтказиш лозим. Масалан, мен фермер аёллар етиштирган маҳсулотларнинг баҳосини таннархига мувофиқлаштириш масаласини кўтариб чиқмоқчиман. Шунингдек, экологик нобоп ер учун маълум коэффициентлар жорий этиш масаласини кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман. Аёллар миграциясининг қонуний бўлишини, ўзбек аёлларининг шаъни ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши тарафдориман.

Мухбир: Сиз аёллар нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) билан бевосита ишлайсиз. ННТ вакиллари билан биз билан суҳбатларда улар ҳукумат идоралари билан ҳамкорлик қилишни исташини, лекин бу идоралар ННТларни қўллаб-қувватламаётганини гапиради. Сиз ННТлар ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида таклифларга эгамисиз? Бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Ш.Абдуллаева: Давлат идоралари билан ҳамкорлик қилиш ташаббуси, аввало, ННТлардан чиқиши керак. Агар улар бирорта муаммони кўтариб чиқадиган бўлса, давлат ҳеч қачон қараб турмайди.

Мухбир: Сир эмас, фоҳишалар, мардикор хотин-қизлар ва қул сифатида сотилаётган аёллар муаммолари бор. Мана шу муаммоларни ҳал етишда бирорта механизм таклиф қиласизми?

Ш.Абдуллаева: Агар аёл ўзи хоҳламаса, давлат ҳам, оиласи ҳам, иқтисодий қийинчиликлар ҳам уни турли ёмон йўлларга киришга мажбурлай олмайди. Аёллар қандай қийинчиликларни кўрмаган дейсиз. Мана уруш даври, ундан кейинги йиллар. Лекин аёллар ҳеч қачон сиз айтган ишлар билан шуғулланган эмас. Ўзини сотган эмас, чет элга кетиб, турли ишлар билан шуғулланганмас. Ўзбек аёли жуда кўп ҳунар эгаси. У уйида овқат пишириб, бирор нарса тўқиб-тикиб тирикчилик ўтказиши мумкин. Аёл эрга қарам бўлишни хоҳламаса, жамиятдан ҳеч нарса олмаётган бўлса, агар шаҳар аёли бўлса, қишлоққа чиқсин, ер олсин, эксин. Бу, албатта, самара беради.

Мухбир: Дастурингизда кўрсатилган ишларни амалга оширишда ўзингизда ва партиянгизда қандай имкониятлар бор?

Ш.Абдуллаева: Мен бу соҳада (муаммоларни ечишда) ўз куч-ғайратимни аямайман. Давлатимиз ва ХДП бу саъй-ҳаракатларни тўла-тўкис қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман.
XS
SM
MD
LG