Линклар

Ўзбекистонда мардикорлар иттифоқ тузди


Шайбон Хабарларга қараганда, Ўзбекистонда “Қўшчи” мардикорлар иттифоқи ташкил этилган. Уни ташкил этиш ғояси муаллифлари мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси аъзоларидир.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятованинг сўзларига қараганда, партия халқ оммасини фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Партия аъзолари ўтказган тадқиқотлар чоғида мардикорлар мамлакатдаги энг катта жамоани ташкил этиши ва бу жамоа халқнинг сиёсий фаолликни оширишга катта ҳисса қўшиши мумкинлиги маълум бўлган. Партия мардикорлар билан мулоқотга киришиш учун кўмакчи ташкилот зарур, деган хулосага келган. Мардикорлар иттифоқи номи ишчиларнинг шўролар даврининг бошларида тузилган “Қўшчи” иттифоқи номидан олинган.

Н.Ҳидоятованинг таъкидлашича, партия, аввало, иттифоқ аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлиги ошириш мақсадида тренинглар уюштиради. Зеро, бугунги кунда мардикорлар ҳуқуқлари тан олинмайдиган қатламга айланган. Шунинг учун улар ўзларига кўрсатилган ҳар қандай эътиборни хурсандчилик билан қабул қилади. Айни пайтда иттифоққа қизиқиш кучли. Қисқа вақт ичида иттифоқ аъзолари сони уч юздан ортган.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, иттифоқ мардикорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган бўлса, нур устига аъло нурдир. Агар иттифоқнинг мақсади янада улуғроқ бўлса, унда ижтимоий ночор қатлам вакилларининг стихияли чиқишлари олди олинади.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, иттифоқ тузилиши ижтимоий норозиликларнинг стихияли кўринишларига барҳам бериши мумкин.

Маълум бўлишича, ҳозирданоқ иттифоқ фаолларига тазйиқлар ўтказила бошланган. Хусусан, иттифоқ раиси Шуҳрат Жабборов пикетда иштирок этгани учун уч кун давомида ҳибсда сақланган.
XS
SM
MD
LG