Линклар

Номзод депутат бўлса, кўчаларни асфальтламоқчи


Кузатувчиларнинг билдиришича, Қорақалпоғистон аҳлининг асосий қисми мамлакатда бўлиб ўтадиган парламент сайловига қизиқиш билдирмаётир. Депутатликка номзодлар билан учрашувлар ҳам номигагина ўтказиляпти.

“Озодлик” мухбири Амударё туманидаги Манғит шаҳрида яшовчи баъзи фуқаролар билан суҳбат чоғида уларнинг сайловга умуман бефарқ қараётганига гувоҳ бўлди. Кўпчилик сайловга жуда оз фурсат қолган эса-да, бу ҳақда бехабар экани маълум бўлди.

Манғит шифохонаси врачи Бобожон Ғоиповнинг сўзларига қараганда, кўпчилик ҳали депутатликка номзодларнинг кимлигини ҳам билмайди. Бу йилги сайловолди жараёни олдингиларига қараганда суст ўтяпти.

Амударё тумани сайлов комиссиясидан олинган маълумотга кўра, тумандан Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлигига фақат уч партия – Халқ демократик, “Фидокорлар” ва Либерал демократик партиялардан номзодлар кўрсатилган.

Маълум бўлишича, туманда бошқа партияларнинг маҳаллий ташкилотлари йўқ.

“Эрк” демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими котиби Янгибой Явидовнинг таъкидлашича, 117-Амударё сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутатлигига жами 4 та номзод кўрсатилган. Лекин улардан учтаси туманда яшамайди.

Гулистон Аннақиличева номзоди ХДП томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган. Унинг айтишича, Амударё тумани аҳлининг муаммоларидан жуда яхши хабардор. Чунки амалдаги Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгеши депутатлигига шу ердан сайланган. Туманда газ ва электр энергияси таъминотида узилишлар бор. ХДПнинг сайловолди дастурида халқ олдида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш лозимлиги ўз аксини топган.

Туман сайлов комиссияси номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви кўтаринки руҳда ўтаётганини билдирди.

Шундай учрашувда қатнашган фуқаролардан бирининг маълум қилишича, депутатликка номзод Г.Аннақиличева агар депутатликка сайланса, кўчаларни асфальт қилиб беришга ваъда берган. Шунинг учун кўпчилик унга овоз бермоқчи.
XS
SM
MD
LG