Линклар

Америка маҳкамаси ЮКОС тақдирини ҳал этаоладими?

  • Ҳурмат Бобожон

Америка махкамаси ЮКОС активлари, жумладан "Юганскнефтегаз" ширкати сотилиши билан боғлиқ операцияларни 10 кунга тўхтатиб туришлик ҳақидаги қарорни қабул қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Америка маҳкамасининг бундай қарори Россияда ҳуқуқий кучга эга эмаслигини таъкидламоқда. Хўш, нега ЮКОС рахбарияти Америка маҳкакмасига мурожаат этди?

Кузатувчилар ЮКОСнинг Техас штати Хьюстон маҳкамасига мурожаат этишида ғайриқонунийликни кўрмайдилар. Гарча, ЮКОСнинг асосий фаолияти Россия билан боғлиқ эса-да, АҚШ маҳкамаси кредиторлар аризаларини ўрганиб чиқиб, ўз қарорини беришга ҳақли эканини айтди.

"Банкротлик масаласи бўйича Америка маҳкамаси амалиётидан бехабар одам учун бу бироз ажабланарли туюлиши мумкин. Масалан, дунё бўйлаб тармоққа эга Америка ширкатининг банкротлиги ҳақида гап борса, судялар жуда осонлик билан ушбу ширкат активларини чет эл кредиторлари учун дахлсиз деб эълон қила оладилар", - дейди америкалик ҳуқуқшунос Клифорд Бин.

Аммо, Биннинг айтишича "ЮКОС" билан боғлиқ холат алоҳида холдир.

"Бу ерда асосий омил "ЮКОС"нинг хусусий ширкат билан эмас, давлат билан судлашаётганидир. Устун турувчи назариядан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Америка маҳкамалари ўзга давлат суверен ишларига аралаша олмаслиги аён бўлади", - дейди Клифорд Бин.

Шундай экан, ЮКОСнинг АҚШ маҳкамасига мурожаат этиши ортиқча овворагарчилик эмасми?
Америкалик ҳуқуқшунос фикрича йўқ, ундай эмас.

"Албатта, судя Кларк Россия ҳукуматидан якшанба кунига белгиланган ким ошди саводсини бекор қилишни талаб этаолмайди. Аммо, агар у ишни диққат билан ўрганиб чиқишга лойиқ деб топса , бу албатта эхтимолдан холи эмас, судя АҚШда фаолият юритувчи банкларга Юганскнефтегаз кимошди саводосида қатнашадиган томонларни молияламасликни сўраши мумкин", - дейди Клифорд Бин.

Бу эса “Юганскнефтегаз”нинг асосий харидори ҳисобланмиш Россиянинг Газпром ширкати учун четдан кредиторлар топишда мураккаблик яратади. Хьюстон маҳкамасининг қарори Россияда ҳуқуқий кучга эга бўлмаса-да, Газпромга 10 миллард долларлик кредит беришга шай бўлиб турган Европа банклари бу ишни тўхтатиб туришга ахд қилдилар.

ЮКОСнинг асосий нефт ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Юганскнефтегазнинг ким ошди савдосида бошланғич нархи 8 миллард доллар атрофида баҳоланиши кутилаётган бир пайтда, уни сотиб олишни кўзлаган Россиянинг Газпром ширкати четдан кредиторлар топишда мураккабликларга юз тутмайдими?
Россиялик таҳлилчи Дмитрий Цареградцев бу саволга шундай жавоб беради:

"Газпром учун бундай хавф фақат назарий жиҳатдан мавжуд. Чет эл банкларидан ташқари Россиянинг ўзида ҳам банклар бор. Юганскнефтегазни сотиб олиш учун қисқа муддатли, яъни 2-3 ой муддатга кредит керак. Мана шу икки уч ой ичида Газпром облигациялар чиқариб бу карзни қоплашни режалаштиряпти. Россия банклари эса буни молиялашга ҳозирдан иштиёқ билдиришяпти. Қолаверса, ҳукуматга хайрихоҳ эканини билдириб Россиядаги бошқа хусусий банклар ҳам бунга қўшилиши мумкин. Газпромга 3,5 - 4 миллард доллар зарур. Ширкат 5 миллиардни ўз хисобидан тўлашга қодир. Қолган қисмини Россиядаги ўнта банк ўз зиммасига олаоладиган даражада", - дейди Дмитрий Цареградцев.

Аммо, Америкалик ҳуқуқшунос Клифорд Бин Газпром Юганскнефтегазни сотиб олганидан кейин ҳам Россия ширкати муаммоларга шай бўлиб туриши керак деган фикрда.

"Газпром тажрибада чиниққан ширкат. У ўз қадами оқибатларини тушуниб билиб турибди, ва давлат уни қўллаётгани учун ҳам у бунга бормоқда. Аммо, иш Юганскнефтегаз махсулотини экспорт қилиш масаласига бориб етганда, Газпром талай муаммоларга шай бўлиб туриши керак. Бу эса ғарблик юристлар Газпром туфайли узоқ вақтгача иш билан машғул бўлиб қолишларини англатади", - дейди Клифорд Бин.
XS
SM
MD
LG