Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:28

Президентга ёзилган шикоят самараси - 20 та шифер


Турғунбек Ўн жондан иборат Бозоровлар оиласи Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Полвонтош шаҳарчасидаги ўтган асрнинг 50-55-йилларида қурилган, шиферсиз томи лойсувоқ қилинган, 3 хонали пастаккина уйда яшайди.

Бозоровлар оиласида икки эркак - 75 ёшли чол ва унинг 1-гуруҳ ногирони бўлган 25 ёшли ўғли бор. Ўғилнинг хотини ҳам 1-гуруҳ ногирони. Ҳар иккаласининг кўзи кўрмайди. Оиланинг қолган аъзолари болалар ва аёллар. Оила аъзоларидан ҳеч ким ишламайди.

34 ёшли Раҳима Бозорованинг айтишича, оиладагиларнинг деярли барчаси касалванд. Ўзи ҳам сил касалига чалинган. Ҳар йили шифохонада даволаниб чиқади. Лекин унга ногиронлик нафақаси тайинланмаган. Ногиронлиги ҳақида ҳужжатлар тўғрилашга пули йўқ.

Бозоровлар оиласи икки қария ва кўзлари кўрмайдиган ногиронлар учун жами 50 минг сўм нафақа олади. Ўн жон шу пулга тирикчилик ўтказади. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда бир киши ойига 60 минг сўм олиб, қашшоқликнинг нари-берисида яшаши мумкин, деб айтаётган бир пайтда ўн кишининг 50 минг сўмга қандай кун кўраётганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ҳилола Бозорованинг сўзларига қараганда, оиладаги болаларга ҳам нафақа ёки ёрдам пули берилмайди. Маҳалла қўмитасига бу масалада мурожаат қилганида, у ердан оиланинг жон бошига оладиган даромади ёрдам пули берилишига тўсиқ бўлиши ҳақида жавоб олган.

Кўзи ожиз Абдухалил Бозоровнинг таъкидлашича, туман ҳокимлигига ёрдам сўраб борганида йўлкира учун 3 минг сўм пул берилиб, ҳайдаб чиқарилган. Вилоят ҳокимига мурожаати ҳам бесамар кетган. Президент номига шикоят ёзганидан сўнг вилоят ҳокимлиги вакиллари 20 та шифер беришган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси ўринбосари Мусажон Бобожоновнинг билдиришича, тумандаги умумий аҳвол жуда оғир. Мустақиллик йилларида туманда бирорта ишлаб чиқариш корхонаси қурилмаган. Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Марҳамат тумани аҳлининг кун кечириши тобора ёмонлашиб боряпти.
XS
SM
MD
LG