Линклар

15 йиллик депутат ёки Эркин Халилов сайловчилар билан учрашди

  • Садриддин Ашур

Олий Мажлиснинг амалдаги раиси, номзоди Қонунчилик палатаси депутатлигига ташаббус гуруҳи орқали кўрсатилган Эркин Халилов 17 декабрь куни биринчи марта сайловчилар билан учрашди.

Э.Халиловнинг сайловчилар билан учрашувига алоҳида тайёргарлик кўрилгани шундоққина сезилиб турарди. Чунки Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги касб-ҳунар коллежи мажлислар залидан остонагача пойандоз тўшалганди. 500 кишилик учрашув зали эса лиқ тўла эди. Ҳолбуки, 2-Дархон сайлов округидан кўрсатилган бошқа номзодлар билан аввалги учрашувларда бор-йўғи элликка яқин сайловчи қатнашганди.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб мазкур округдан кўрсатилган номзодлар билан учрашув 7 декабрга белгиланганди. Бироқ Э.Халиловнинг бандлиги туфайли йиғин қолдирилганди. 9 декабрдаги учрашув бошқа кунга кечиктирилишига ҳам бир баҳя қолганди. Бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг талаби билангина йиғин ўтказилганди.

Бу сафарги учрашувда Э.Халиловдан ташқари Халқ демократик партияси номзоди Азиз Саидов ва Либерал демократик партия номзоди Валентина Котельникова қатнашди. Икки сиёсий партия – “Фидокорлар” ва Миллий тикланиш”нинг шу округдан кўрсатилган номзодлари эса негадир йиғинга келмади.

В.Котельникова мамлакатда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолганини, ўзининг сайловолди дастурида кичик ва ўрта бизнес мақомини кўтариш, нафақахўрларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшларнинг ишсизлик муаммоларини ечиш масалалари ўз аксини топганини билдирди.

“Мен аҳоли миграцияси масаласини кўтармоқчиман. Бугун жуда кўп ёшлар мамлакатдан ташқарида юрибди. Нега шундай? Чунки уларга бу ерда иш йўқ. Демак, энг аввало, иш ўринлари яратиш керак”, - деди В.Котельникова.

ХДП номзоди А.Саидовнинг сўзларига қараганда, энг аввало, аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунни мукаммаллаштириш лозим. Шунингдек, партия платформасидаги энг асосий йўналишлардан бири аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масаласидир. Ҳозирги кунда аҳолининг энг кам истеъмол саватчаси миқдори тўғрисида ҳисоб-китоб йўқ. ХДП энг кам истеъмол саватчаси тўғрисида қонун қабул қилиниши ва ҳаётга тадбиқ этилиши тарафдоридир.

Ташаббус гуруҳидан номзоди кўрсатилган Э.Халилов сайловчиларни дастурлар билан таништириш учун ажратилган 10 минут вақт жуда кам эканини таъкидлади. Шундай бўлса-да, ўз дастурида белгиланган асосий мақсадлар ҳақида тўхталди.

“Дастурим стратегик жиҳатдан қандай бўлса, унинг чўққисида инсон, фуқаро, унинг манфаатлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари ётади”, - деди Э.Халилов.

Унинг айтишича, ҳар бир дастурда муаммоларни ҳал қилиш, ижроия ҳокимиятига таъсир этиш йўллари бу дастурда кўрсатилиши керак.

Э.Халиловнинг фикрича, депутатлик ҳам ҳунар, касб. Бундан кейин парламент профессионал асосда иш юритади. У 15 йилдан буён депутат бўлиб ишлаб келади. Яъни профессионал парламент талабига жавоб беради.

Э.Халиловнинг билдиришича, аввалги сайловлар вақтидаги сайловчиларга берган ваъдаларининг аксариятини бажарган. Бажарилмай қолган ишлар бўлса, у ҳам объектив сабабларга боғлиқ.
XS
SM
MD
LG