Линклар

Депутатликка номзод газ корхонаси раҳбари бўлса...


Наманган шаҳрида вилоят кенгаши депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви анча қизиқарли ўтди. Бунга номзодларнинг аҳоли дуч келаётган муаммоларни ечиши мумкин бўлган ташкилотлар раҳбарлари экани сабаб бўлди.

Наманган шаҳридаги 27-Тахтакўприк сайлов округидан кўрсатилган номзодлардан бири Баҳодир Мамадалиев “Ўзмахсуссувдренаж” уюшмаси раиси бўлиб ишлайди.

Номзодларнинг иккинчиси “Намангангаз” ҳудудий газ таъминоти корхонаси директори Нусратилла Убайдуллаевдир.

Номзодлар сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиргандан сўнг учрашувнинг энг қизиқ палласи – савол-жавоб бошланди.

Сайловчиларни вилоятнинг баъзи ҳудудларида ердан сизиб чиқаётган сув хонадонларни қамишзорларга айлантираётгани муаммосини ечиш учун нима иш қилинаётгани қизиқтирди.

Б.Мамадалиевнинг сўзларига қараганда, Норин туманида аҳолининг 45 фоизи сил билан касалланган. Бунга туман ҳудуди захоб сув билан қоплангани сабаб бўлмоқда. Айни пайтда туманда “Ўзмахсуссувдренаж” уюшмасининг 4 та ташкилотига қарашли 20 дан ортиқ техника воситаси иш олиб бормоқда.

“Намангангаз” корхонаси директори Н.Убайдуллаев саволлар ёмғири остида қолди, дейиш мумкин. Чунки бугунги кунда вилоятда газ муаммоси анча ўткир бўлиб турибди.

Сайловчиларнинг айтишича, Н.Убайдуллаевнинг номзоди депутатликка кўрсатилгач, ўн йилдан буён газ келмаган маҳаллага газ қувурлари тортила бошлаган. Аммо қўшни маҳаллаларда ҳамон газ йўқ.

Баъзи сайловчиларнинг таъкидлашича, сайлов ташвиқоти бошлангач, газ таъминоти идораси ходимлари уйма-уй юриб, сайловчиларга катта-катта ваъдалар бермоқда.

“Иложи бор бўлса, газ ўтказаман, деб ваъда беринг. Иложи бўлмаса, буни ҳам дангал айтинг”, - деди сайловчилардан бири Н.Убайдуллаевга.

Н.Убайдуллаев ўз ходимларининг аҳолига турли ваъдалар бераётганини инкор қилди. Лекин у газ етказиб беришда айрим камчиликлар борлигини тан олди.

“Айрим жойларда муаммо борлигини ҳеч ким инкор қилмайди. Кейинги йил 4,5 километрлик газ қувури тортилади. Ўшанда бу ҳудуд газ билан тўла таъминланади”, - деди “Намангангаз” директори.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Солижон Нодиров 27-Тахтакўприк сайлов округидан кўрсатилган номзодлар вакиллари аҳолига ёлғон ваъдалар бераётгани ҳақида айрим фуқаролардан эшитганини маълум қилди. Унинг билдиришича, вилоят сайлов комиссияси ким ва қандай ваъдалар бераётгани ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас. Агар бу ҳолат тасдиқланса, номзод ҳам, унинг ишончли вакилига ҳам қонунда белгиланган тартибда жазо кўрилади.
XS
SM
MD
LG