Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:56

Ислом Каримовнинг жияни Жиззахда калтакланди


21 декабр куни Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти Жиззах вилояти бўйича мухбири, мустақил журналист Жамшид Каримов ўз онасининг уйи олдида аёвсиз калтакланди.

Маълумотларга кўра, Жамшид Каримов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жияни, яъни давлат раҳбарининг марҳум акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғлидир.

Ж.Каримовнинг онаси Муслима Каримованинг сўзларига қараганда, ўғли унинг уйига 3-4 кунга меҳмонга келган.Жамшиднинг ҳар куни эрталаб туриб, жисмоний машқлар қилиш одати бор. 21 декабрь куни ҳам тонгги соат 4 ларда у ташқарига чиққан. Бу ерда унга икки барзанги йигит ҳужум қилган. Қаттиқ калтакланиш оқибатида Жамшиднинг юзи ёрилган, бурни сингган, бош мияси чайқалган.Шифохонада унинг ёрилган жойларини тикишга тўғри келган.

“Барзангилардан бири ўғлимга:“Сенинг отанг бир пайтлар менинг қариндошимни қамаган”, деган гапларни айтган. Менинг турмуш ўртоғим Арслон Каримов Жиззах шаҳар судининг раиси вазифасида ишлаган.У Президент Ислом Каримовнинг акаси бўлади. Балки Каримовни кўра олмайдиганлар бу ишни қилгандир, яна ким билади”, - деди М.Каримова.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоеванинг таъкидлашича, Ж.Каримов ташкилотнинг Жиззахдаги мухбири сифатида бир йилдан буён фаолият кўрсатади.У гарчи кам ёзган бўлса-да, доимо долзарб муаммоларни кўтариб чиққан. Маҳаллий ҳокимиятнинг фермерларга муносабати, болалар меҳнати, Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов ҳақидаги мақолалар шулар жумласидандир.

“Мен Жамшид айнан журналистик фаолияти учун калтакланган, деб айта олмайман. Ташкилотимиз ва мухбирларимиз ҳокимият томонидан ҳали ҳеч қандай тазйиқни сезмаган. Лекин сўнгги бир ой давомида Ўзбекистонда эркин фикрловчи кишилар устидан назорат кучайгани сезилмоқда.Маҳаллий ҳокимият Жамшид Каримовга бир неча бор мурожаат этиб, уни бизнинг институтда ишлашдан воз кечишга ундаган ва вилоят ҳокимининг матбуот котиби вазифасини таклиф қилган.Лекин у ўз маслагини сотмаслигини айтиб, бу таклифларни рад этган”, - деди Г.Бухорбоева.

Г.Бухорбоеванинг тахминича, Жамшиднинг онаси айтган гапларда, яъни у Президентнинг жияни бўлгани учун калтакланган бўлиши мумкинлигида ҳам жон бор.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг фикрича, бу жиноят тасодиф бўлиши мумкин эмас.Отасининг ишлари учун ўғлидан қасос олиниши ҳам кўп ақлга сиғмайди Безорилар бу гапни шунчаки изни чалғитиш учун айтган бўлиши мумкин.Жамшиднинг ўзи ҳам маҳаллий ҳокимият унинг вилоятдан чиқиб кетишини хоҳлаётганини айтган.

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти таъсисчиларидан бири Юсуф Расуловнинг билдиришича, мазкур ташкилот Ж.Каримовга нисбатан уюштирилган ҳужумни унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Чунки журналист бир йилдан ортиқ вақт давомида Жиззах вилоятидаги қонунбузарликлар ҳақида мақолалар бериб келади.

Жиззах шаҳри ички ишлар бўлими бошлиғи Олимжон Қосимов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлиб ўтган воқеа юзасидан тергов олиб борилаётгани, айни пайтда экспертиза хулосалари кутилаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG