Линклар

logo-print

Асқар Ақаев сайлов арафасида давлат тўнтариши бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди

  • Барно Анвар

Куни кеча Қирғизистон президенти Асқар Ақаев Мудофаа кенгаши йиғилишида чиқиш қилиб, кутилмаган баёнот қилди. Унинг айтишича, келгуси йили феврал ойига белгиланган Қирғизистон парламенти ва президентликка сайловлар чоғида давлат тўнтариши қилишга уринишлар бўлиши мумкин. Президент Ақаев тахминига кўра, радикал гуруҳлар ҳокимият учун курашда куч ишлатиш йўлига ўтиши мумкин. Сайловлар олдидан мухолифат билан нисбатан мўътадил сиёсат олиб бораяпти, деб олқишланаётган Қирғизистон президентининг кутилмаган бу баёноти ҳаммани танг қолдирди. Мамлакатдаги мухолиф кучлар эса буни ўзлари учун таҳдид, деб қабул қилди. Уларнинг фикрича, Ақаев сайлов арафасида ўзига рақиб томонлар имкониятини чеклаш учун бир баҳона топди. Мавзуни ҳамкасбимиз Нодира давом эттиради.

Марказий Осиё минтақасида парламент ва президентлик сайловлари арафасида мухолифат билан нисбатан яхши сиёсат олиб борилаётган мамлакат Қирғизистон деб ҳисобланаётган эди. Қирғизистонда 42 та сиёсий партия ва беш мингта нодавлат ташкилоти бор. Бошқача айтганда, ҳар мингта одамга деярли биттадан нодавлат ташкилоти тўғри келади. Шунингдек, бу мамлакатда мухолиф партиялар нисбатан эркин фаолият юритиб, сайлов арафасида бир неча сиёсий блоклар ҳам тузишди ва бундай блоклар тузилишда давом этмоқда.
Бироқ куни кеча мамлакат президенти бўлғуси сайловларда радикал гуруҳлар давлат тўнтариши уюштириши мумкин, деган хавотирда эканини билдирди. Шунинг учун бундан буён Қирғизистонда мудофаа, хафвсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Президент Ақаев, жумладан, мамлакатда расман рўйхатдан ўтмаган “Ҳизб ут-таҳрир” ҳаракати номини тилга олар экан, бошқа сиёсий партияларни қатъий равишда қонунларга риоя этишга чақирди.
“Барча партиялар қонун доирасида, ошкора фаолият юритиши керак, деб ҳисоблаймиз. Қонун доирасидан четга чиққан ҳар қандай ҳаракат Конституцияга зид, деб баҳоланиши керак”.
Қирғизистон парламенти — Жўғору Кенешда президентнинг бу баёноти турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Жўғору Кенеш қонун чиқарувчи йиғилиши депутати Ақилбек Жапаров фикрича, мамлакат хавфсизлигига раҳна солувчи тартибсизлик бўлиши ёки бўлмаслиги, энг аввало, ҳукуматнинг ўзига боғлиқ.
“Агар ҳукумат эл сайлаган одамларнинг йўлини тўсиб, қайтарадиган бўлса, норозилик кучайиб кетиши ва оқибатда, тўполон бўлиши мумкин. Агар эл сайлаган депутатларни ўз ўрнига қўйиб, парламентга жўнатса, ҳеч қанақа ортиқча гап бўлмайди, деб ўйлайман”, - деди Жўғору Кенеш депутати Ақилбек Жапаров.
Қирғизистон мухолифати эса бундай кутилмаган баёнотни сайлов арафасида ўзи учун таҳдид, деб қабул қилди. Жумладан, “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” мухолиф коалицияси раҳбари Эдил Байсалов Ақаев баёнотига дарҳол эътироз билдирди. Унинг фикрича, бундан ягона мақсад — сайловда ҳукуматга рақиб томонлар сиёсий эркинликларини чеклашдир.
Қирғизистондаги “Эркинлик” партияси раҳбари Тўпчибек Тургуналиев ҳам шу фикрни таъкидлар экан, жумладан, бундай деди:
“Грузияда ҳам, Украинада ҳам президентлар шундай ваҳима солишган эди. Ақаев ҳам ҳокимиятни қўлида ушлаб қолиш учун ҳар хил баҳоналарни излаяпти. Қирғизистонда Ақаев айтган радикал кучларнинг ўзи йўқ. Бу унинг фантазияси, мухолифатни қоралашга уринишининг бир далили”.
Айрим мухолифатчилари фикрича, президент Ақаев радикал гуруҳлар деганда кимни назарда тутаётганини аниқ айтгани йўқ. Бу унинг мамлакатдаги сиёсий кучлардан чўчий бошлаганига далилдир. “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси раиси Муратбек Иманалиев бундай фикр билдирди:
“Террорчилар, экстремистлар бор”, деб аслида кимларнидир қоралаш, фаолиятини чеклашга асос қидирилаяпти. Масалан, террорист, экстремист, деганда Ақаев кимни назарда тутаяпти — шахсан мен билмайман”.
Айрим кузатувчилар фикрича, Асқар Ақаевнинг 15 йиллик президентлиги даврида мамлакатда иқтисодий қашшоқлашувнинг ортгани ҳам аҳолида унга қарши кайфиятни кучайтирди. Ҳозирга келиб Ақаев сайловлар даврида мухолифат аҳолининг мана шу кайфиятидан фойдаланиши мумкин, деган хавотирга тушиб қолган бўлиши мумкин, дейишмоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG