Линклар

Қирғизистон мухолифати Россиянинг мамлакат сиёсатига аралашмаслигини талаб қилмоқда

  • Барно Анвар

Қирғизистон мухолифати агар ҳукумат бўлғуси парламент ва президентлик сайловлари натижасини қалбакилаштирадиган бўлса, ёхуд ҳукуматни қўлдан бермаслик учун бирор ноқонуний чора қўллайдиган бўлса, оммавий намойиш ўтказишини айтиб, огоҳлантирди. Яқинда тузилган “Ота юрт” мухолиф ҳаракати раҳбари Рўза Ўтунбаева эса Россияга юзланиб, Москвани Қирғизистонда келгуси йилга белгиланган сайловларга аралашмасликка чақирди. Қирғизистон мухолифати тахминича, Россия билан борди-келдини маҳкам тутиб турган Асқар Ақаев ҳукуматни сақлаб қолиш учун айнан Россияга суянишни режалаштирмоқда. Мавзуни ҳамкасбим Нодира давом эттиради.

Қирғизистонда янги тузилган “Ота юрт” мухолиф ҳаракати етакчиси Рўза Ўтунбаева куни-кеча Россияга юзланиб, келгуси йилга белгиланган сайлов жараёнларига аралашмасликка чақирди. Озодлик радоси мухбири билан телефон орқали суҳбатда у бундай деди:

“Сайловларга бирор хорижий ташкилот ёки давлатнинг аралашуви, умуман олганда, хавфли натижага олиб келиши мумкин. Ўйлайманки, Россия ўйин қоидаларини билади ва ҳозирги ҳукумат билан бу борада қандайдир муносабатларга бормайди”.

Қирғизистонда келгуси йилнинг 27 фервалида парламент, 30 октябрида эса президентлик сайлови бўлади. Россия билан яқин ҳамкорлик олиб бораётган Қирғизистоннинг ҳозирги раҳбари Асқар Ақаев конституцияда белгиланган максимум президентлик муддатини ўтаб бўлди. Эндиликда қирғиз мухолифати Ақаевнинг ўз ўрнига Елцин каби ворисини танлашга уринишидан хавотирда.

Қирғизистондаги “Эркинлик” мухолиф партияси етакчиси Тўпчибек Турғуналиев бу ишни қилишда Ақаев Россияга кўз тикаётганини айтади.
“Мухолифат Асқар Ақаев 2005 йилда ҳукуматдан кетсин, деяпти. Ғарб ҳам шуни маъқуллаяпти. Ақаев эса Грузия ва Украинадаги воқеаларни Ғарб қилди, деган фикрда-ку! Шундан хавотирлангани учун энди Россияга таяниб, ҳукуматни сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпти, деб ўйлайман”.

Куни кеча “Қирғизистон халқ ҳаракати” мухолифат иттифоқи ҳам баёнот берди. Агар ҳукумат сайлов натижаларини қалбалкилаштиришса ёки ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб қолиш учун ноқонуний чора кўрса, бу мухолиф иттифоқ мамлакатда оммавий норозилик намойишлари уюштиришидан огоҳлантирмоқда. Шунингдек, мухолифат иттифоқи президент Ақаевнинг айрим мухолиф, радикал гуруҳлар ҳукуматни куч билан олишга уриниши тўғрисидаги баёнотига ҳам эътироз билдирди. Бу борада “Асаба” мухолиф партияси етакчиси Азимбек Бекназаров бундай деди:

“Бу аслида, Қирғизистонда террор, сиёсий ва диний экстремизмга қарши кураш номи остида уюштириладиган фитнадир. Асосий мақсад — мамлакатдаги сиёсий мухолифатга қарши оммавий репрессия ўтказишдир”.

Эслатиб ўтамиз, ўтган жума куни президент Ақаев келгуси йилга белгиланган парламент ва президент сайлови вақтида айрим радикал гуруҳлар ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида куч ишлатиши ва мамлакат хавфсизлигига рахна солиши мумкин, деб огоҳлантирган эди. Шу боис Қирғизистон президенти мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтириш, сиёсий партияларни эса қатъиян қонун доирасида фаолият юритишга чақирганди.

Мухолифат фаолларидан бири Ишенгул Болжурова фикрича, бу эски сценарий асосида бўлаётган янги томоша.
“2000 йилдаги президентлик сайлови олдидан ҳам худди шундай шовқин солинган. Қуроллар топилиб, варақалар тарқатилиши уюштирилган эди. Бундан биринчи мақсад — халқни қўрқитиш бўлган. Ҳозир яна шунинг такрори бўлаяпти. Биз аниқ айтамизки, “Қирғизистон халқ ҳаракати” мухолифат бирлашмаси мамлакат конституцияси ва тегишли бошқа қонунлар доирасида ишлаяпти”.

Мухолифат томони Ғарбдан пул олиб, иш кўраяпти, деган айбловга жавобан эса, бирлашма аъзоси, парламент депутати Исмоил Исаков бундай дейди:
“Мухолифат шу вақтгача Ғарбдан бир тийин ҳам олгани йўқ. Пул олган шоввозларни ҳам билмаймиз. Агар жаноб Ақаев билса, марҳамат қилиб бизга ҳам айтсин, бир кўрайлик-чи, ким экан у?!”

“Қирғизистон халқ ҳаракати” мухолифат иттифоқининг бу чиқишини “Ота юрт” мухолифат ҳаракати ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳаракат раҳбари Рўза Ўтунбаеванинг билдиришича, унинг ҳаракати тез орада бошқа йирик мухолифат бирлашмасига қўшилишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG