Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Сайтларга ким тўсиқ қўяди?


Шайбон Ўзбекистонда Интернетдаги айрим сайтларининг очилмаслиги, очилганда ҳам айнан Ўзбекистон ҳаётига оид маълумотларга тўсиқ қўйилаётгани масаласи кенг муҳокама қилинишда давом этмоқда.

Куни-кеча Интернетда эълон қилинган “Ўзбек расмийлари веб-сайтлар билан уруш майдонида” сарлавҳали мақола ҳам айнан шу мавзуга бағишланган. Бу мақолада Ўзбекистонда очилмаётган сайтлар ҳақида маълумот берилган.

“Озодлик” мухбири ҳам дастлаб мақолада тилга олинган сайтларни очишга ҳаракат қилди. Бироқ уринишлар зое кетди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, мазкур ташкилот сайти баъзан соатлаб, айрим ҳолатларда кунлаб очилмай қолади. Баъзан сайтнинг бош саҳифасига кириш мумкин, лекин ундаги хабарлар, таҳлилий мақолалар, мурожаатлар умуман очилмайди.

Мақолада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти сайти ҳам очилмаслиги айтилган. Мазкур жамият раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, у сайтдан бемалол фойдаланмоқда. Лекин баъзилар сайт очилмаётганидан шикоят этаётганидан хабари бор.

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси ҳамда “Арена” сайти раҳбари Инера Сафаргалиеванинг билдиришича, “Арена” ишга туширилганидаёқ унга тўсиқ қўйилган. Бироқ бир неча кун муқаддам сайт бемалол очила бошлаган. Сайт ўқувчиларига бу ҳақда маълум қилингандан сўнг яна унга тўсиқ қўйилган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳам ўз сайтига эга. Лекин, маълум бўлишича, бу сайтга ҳам тўсиқ қўйилган.

“Сайтга тўсиқ қўйилган. Бунинг устига уни порнография билан тўлдириб ташлашган. Жамиятимизнинг “Маҳалла” номли сайти ҳам бор. Бу сайтга ҳам тўсиқ қўйилган, лекин прокси орқали очса бўлади. “Мазлум” сайти очилган вақтда унга жуда кўп кескин мақолалар, қамоқхоналардан мактублар жойлаштирилганди”, - деди жамият раҳбари Отаназар Орипов.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Озодлик” радиоси сайти ҳам тўсиқдан бебаҳра қолмаган.

Юқорида тилга олинган мақолада ёзилишича, сайтларга ёки улардаги муайян мақолага тўсиқ қўйиш махсус тузилмаларнинг кўрсатмаси бўйича провайдерлар томонидан амалга оширилади.

“Озодлик” мухбири бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида провайдерлардан бирига қўнғироқ қилганида, унинг ходимаси сайтларга киришни чеклаш шу иш билан шуғулланувчи махсус хизматлар томонидан амалга оширилишини билдирди. У бу каби тузилма Миллий хавфсизлик хизмати ҳузурида бўлиши мумкинлигини тахмин қилишини, аммо аниқ бир нарса айта олмаслигини таъкидлади.

Бу тахминни сайтларига тўсиқ қўйилган суҳбатдошларлар ҳам қўллаб-қувватлади. Уларнинг фикрича, бу иш атайин ва мақсадли равишда амалга оширилади.

Миллий хавфсизлик хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Олимжон Тўрақуловнинг маълум қилишича, МХХ цензура билан шуғулланмайди.
XS
SM
MD
LG