Линклар

Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларини демаркация қилиш бўйича музокаралар


Феруза Хабарларга қараганда, куни-кеча Тошкентда Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларини демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги музокаралари бошланган.

“Озодлик” мухбири ушбу музокаралар тўғрисида маълумот олиш учун комиссия ишчи гуруҳининг Ўзбекистон томонидан аъзоси Валентин Пигай билан боғланди. Унинг сўзларига қараганда, айни пайтда музокаралар давом этмоқда. Шунинг учун батафсил маълумотлар демаркация бўйича ҳужжатлар имзолангандан сўнг тақдим этилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, музокаралар чегара масаласида бўлгани учун ёпиқ тарзда ўтказилмоқда. Унда ўзбек-қозоқ чегараси белгиланган ҳудудга тўғри келиб қолган аҳоли уй-жойи ва бошқа кўчмас мулклари масаласи муҳокама қилинмоқда. Ҳар икки давлат ҳам бу нозик муаммоларни имкон қадар ўзаро мақбул тарзда ҳал этишга интиляпти.

И.Зокировнинг айтишича, ҳукуматлараро комиссия илгари эришилган келишувлар асосида ўзаро ҳудудлар алмашувга рози бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Лекин айрим ҳолатларда бу алмашув чегара ҳудудида яшовчи аҳолини қониқтирмаслиги мумкин.

Комиссиянинг бундан аввалги йиғилиши жорий йилнинг май ойида ўтказилган эди. Ўшанда тарқатилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг узунлиги 2350 километрдан ортиқ бўлган чегарасини демаркация қилиш учун 1,5 мингдан ортиқ чегара устуни ўрнатилиши керак.
XS
SM
MD
LG