Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Шаҳарчани фоҳишахонага айлантирган ким?


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Ҳамза шаҳарчаси аҳли бу ерда фоҳишабозлик чидам бўлмас даражага етгани учун унга қарши курашиш мақсадида “Орият” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотини тузди.

Ташкилот таъсис йиғилиши иштирокчиларидан бири, узоқ йиллар давомида ҳокимият тизимларида ишлаган Маҳбуба Пирматованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда фоҳишалик, қўшмачилик, гиёҳванд моддалар қабул қилиш ва сотиш билан шуғулланувчилар сони кўпайиб бормоқда.

“Сўнгги йилларда Ҳамза маънавий бузуқ шаҳарга айланиб кетди. Бирор жойга бориб, Ҳамзаданман, дейишга одам уяладиган даражага етди. Бу ерда фоҳишалар шундай ишлар билан шуғулланяптики, бунга тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ҳомийлик қиляпти, деб тушунамиз. “Орият”ни ташкил этишдан мақсад шаҳарчани бузуқ тоифадаги кимсалардан тозалашдир”, - деди М.Пирматова.

Ташкилотнинг асосини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун таъсис йиғилишида шаҳарчада яшовчи 25 ёшли Фаррух Пирматов ташкилот раислигига сайланди.

Ф.Пирматовнинг таъкидлашича, шаҳарча аҳли бу ерда илдиз отган турли иллатларга қарши аввалдан курашиб келган. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмаган. Чунки маҳаллий ҳокимият вакилларининг ўзлари мазкур муаммо юзага келишига шароит яратиб берган.

27 ёшли Отабек Шерматовнинг билдиришича, ҳозир Ҳамза шаҳарчасида 10 дан ортиқ қўшмачи ва мингдан зиёд фоҳиша аёл бор. Бу фоҳишаларнинг кўпчилиги бошқа жойлардан келган. Уларни қўшмачилар ёки милиция ходимлари бу ерга олиб келиб, шароит яратиб берган.

Ташкилотнинг таъсис йиғилишида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманилик Феруза исмли 25 ёшли фоҳиша аёл ҳам иштирок этди. Ферузанинг айтишича, қўшмачи аёллардан бири уни иш ва уй бериш ваъдаси билан Ҳамзага олиб келган. Ҳозир шаҳарчада Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларининг турли жойларидан келтирилган фоҳишалар яшайди. Улар орасида 14-15 ёшли қизлар ҳам бор.

Олтиариқда ўтказилаётган норозилик чиқишларини тарқатишда фоҳиша аёллардан фойдаланилаётгани ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари кўп марта гапирган эди.

“Ички ишлар ходимлари фоҳиша аёлларни тўплаб, пикетга чиққанларни урдирган. Бу ишларни милиционерларнинг ўзлари уюштирарди”, - дейди Феруза.
XS
SM
MD
LG