Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:36

Пенсионерларнинг фаровонлигини таъминлайдиган янги қарор


21 декабрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорда ёзилишича, бу ҳужжат пенсионерларнинг фаровонлигини қўшимча равишда ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Қарорда белгиланишича, 2005 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимига қўшимча равишда жамғариб бориладиган пенсия тизими жорий этилади.

Халқ банки департаменти директори Комилжон Мадраҳимовнинг сўзларига қараганда, ишлайдиган ҳар бир фуқаро янги тизимга мажбурий равишда тортилади. Фуқаро ойлик иш ҳақи (даромади)нинг бир фоизини жамғариб бориладиган пенсия тизимига ўтказади. Шу пайтгача ундан ушлаб қолинаётган солиқ миқдори эса 1 фоизга қисқартирилади. Яъни бу тизим фуқаро ва корхоналарнинг моддий аҳволига салбий таъсир кўрсатмайди.

Қарорда ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамларига ҳар ойлик бадаллар тўлаш 2005 йилнинг январ ойи учун ҳисобланган иш ҳақи (даромад)дан бошланиши кўрсатилган. Унда белгиланишича, бу тизимга ихтиёрийлик асосида қатнашадиган фуқаролар томонидан шахсий пенсия ҳисоб рақамларига бадаллар миқдори ва тўлаш муддатлари мустақил равишда белгиланади.

Шу пайтгача пенсия жамғармаси учун пул фуқаро ишлайдиган корхона ёки иш берувчи томонидан ўтказиларди. Янги қарорнинг бу жамғармага алоқаси йўқ. Агар фуқаро пенсия ёшига етса, давлатдан аввалги тартибда пенсия олишда давом этаверади.

Қарорга кўра, жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамида тўпланган пул фуқаро пенсияга чиққанида тўланади. Фуқаро бу пулни бирданига ёки қисмларга бўлиб олиш ҳуқуқига эга. Агар фуқаро вафот этса, тўпланган маблағ унинг меросхўрларига берилади. Бордию у мамлакатдан кўчиб кетса, йиғилган пулни тўла олиши мумкин.

Қарорда белгиланишича, бу тизимдан мамлакатда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар ҳам фойдалана олади.

К.Мадраҳимовнинг тушунтириш беришича, ҳар йил якуни бўйича Халқ банки фуқаронинг йиғилган маблағига инфляция миқдоридан кам бўлмаган миқдорда фоиз қўшиб боради. Маблағнинг шаклланиши ва ўз вақтида тўланишига давлат кафолат беради.
XS
SM
MD
LG