Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:44

Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун Қуръон нашр қилинди


Дилнаво Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мазкур муассаса, Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон кўрлар жамияти ва Қувайт хайрия жамғармаси ҳамкорлигида кўзи ожизлар учун Брайл ёзувида нашр этилган Қуръони каримнинг тақдимоти ўтказилди.

Қуръони карим Брайл ёзувида илк бор 1985 йилда Тунисда, иккинчи марта 1987 йилда Мисрда нашр этилган. Шундан буён бундай китоб бирор бир давлатда чоп этилмаган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Абдурашид Баҳромовнинг сўзларига қараганда, ҳозир мамлакатда 24 мингга яқин кўзи ожиз фуқаро яшайди. Тошкент шаҳрида улар учун алоҳида масжид мавжуд. Тошкентдаги иккита жомеъ масжидда кар-соқовлар учун сурдо таржимаси таъминланган.

Муфтийнинг таъкидлашича, Брайл ёзувидаги Қуръон 4 минг нусхада чоп этилган.

Тадбирда яқинда бошланадиган ҳаж зиёрати ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси Шоазим Миноваровнинг билдиришича, бу йил ўзбекистонликларнинг 4 мингдан ортиғи ҳажга боради. Бу ўтган йилгига қараганда деярли икки баробар кўпдир. Зиёратчилар яқинда харид қилинган “Боинг” русумли янги самолётларда Тошкент ва Фарғона водийси шаҳарларидан бевосита Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига етказилади. Илгари зиёратчилар Жиддада қабул қилинарди.

Ш.Миноваровнинг айтишича, бу йилги ҳаж харажати ҳар бир зиёратчига ўртача 2 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Харажатлар тўлиқ зиёратчи ҳисобидан қопланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар йили 20 зиёратчининг харажатларини ўз зиммасига олади. Шунингдек, Саудиядаги турли жамғармалар ҳам 50 зиёратчининг харажатларини кўтаради. Жорий йилда Саудия Таълим вазирлиги 10 нафар талабага ҳаж қилиш учун таклифнома жўнатган. Уларнинг ҳаражатлари вазирлик томонидан амалга оширилади. Бу таклифномалар Тошкент ислом университети ва Тошкент ислом институтидан танлаб олинган энг аълочи талабаларга берилган.
XS
SM
MD
LG