Линклар

logo-print

Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр Қуддус шаҳрида Исроил ҳукумати раиси Ариэл Шарон билан Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди.


Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тони Блэр жумладан бундай деди:

"Тинчлик жараёнини қайта тиклашга йўналтирилган чораларнинг амалга оширилишига кўмак кўрсатишга тайёр эканлигимизни Фаластин томони кўриб турибди, деб умид қиламан", - деди Буюк Британия Бош вазири.

Исроил Бош вазири эса, мана бу гапни айтди:

"Фаластин муҳториятининг янги раҳбарияти терроризмга қарши курашади ва ислоҳотлар сиёсатини фаол амалга оширади, деб умид қиламиз. Мана шундай ҳолатда биз хавфсизликни таъминлаш ва Ғазодан Исроил ҳарбийларини олиб чиқиш масаласида янги раҳбарият билан ҳаракатларимизни мувофиқлаштиришга тайёрмиз. Бу ҳақда мен аввал ҳам айтган эдим", - деди Ариэл Шарон.

Блэр бугун Рамаллоҳда Фаластин раҳбарияти билан ҳам учрашди. Мухторият етакчиларидан бири Маҳмуд Аббос билан сўзлашувлар ўтказди.
Британия Бош вазири келаси йил январида, Фаластин мухторияти раҳбари сайланганидан сўнг, Лондонда конференция уюштирмоқчи эканлигини, унда Фаластинда ўтказилажак зарурий иқтисодий ва демократик ислоҳотлар доирасида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама этилажагини маълум қилди.
Ўз навбатида Маҳмуд Аббос Лондонда ўтказилажак анжуман Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта тиклаш йўлида биринчи қадам бўлишига умид билдирди.

Аббос Блэрга қарата, жумладан, бундай деди:

"Сиз тинчликка интилишимиз йўлида муваффақиятга эришишимизга ёрдам бера олишингиз мумкин.Сизнинг келаси йилнинг бошида Лондонда конференция ўтказиш ниятингиз Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ғоясининг қизғин тарафдори эканлигингиз янги тасдиғидир", - деди Фаластин мухторияти етакчиларидан бири Маҳмуд Аббос.

Бугун эрталаб Исроил ҳарбийлари қочқинларнинг Ғазо минтақасидаги Хон-Юнус лагерига бостириб кирди. Амалиётдан мақсад яҳудийларнинг лагерь яқинидаги турар-жой жойларига ракета ҳужумларининг олдини олишдир, дейилади хабарларда.
XS
SM
MD
LG