Линклар

Ўзбекистон болалари гепатитнинг А туридан ҳимояланмаган


Саида Хабарларга қараганда, Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида гепатит, яъни сариқ касаллигининг А тури билан оғриётган фуқаролар, асосан болалар сони ортишда давом этмоқда.

Болалар шифокори Гулираъно Асқарованинг сўзларига қараганда, гепатитнинг А тури кўпроқ боғча ва мактаб ёшидаги болаларда учрамоқда, чунки бу жойларда болалар бир-бири билан кўпроқ муомалада бўлади. Айни кунларда битта болалар поликлиникасидан кунига 4-5 бемор аниқланмоқда ва шифохоналарга жўнатилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гепатитнинг бу тури совуққа чидамли бўлгани учун ҳам қиш ва куз фаслларида кўпроқ кузатилади.

Оилавий поликлиника шифокорларидан бирининг айтишича, Ўзбекистонда гепатитнинг Б туридан фарли ўлароқ, А тури учун вакцина харид қилинмайди. Шунинг учун шифокорлар фақат гепатитнинг Б турига қарши эмлаш ўтказмоқда. А турдаги сариққа чалинган болалар сони эса йилдан-йилга кўпайиб боряпти.

Ушбу шифокорнинг билдиришича, кўпчилик ота-оналар иқтисодий аҳволини баҳона қилиб, бемор фарзандини шифохонада даволатишдан бош тортади. Уй шароитида нотўғри даволаш натижасида болаларнинг сурункали гепатитга чалиниши кўп учрайди. Баъзи ҳолларда бу ўлимга ҳам олиб келмоқда.

Мутахассислар сариқнинг бу тури, асосан, ифлослик ва ичимлик сув сифатсизлиги оқибатида тарқалишини айтади.

Вирусология илмий текшириш институти ходимаси Муаззам Абдуқодированинг билдиришича, институт томонидан ўтказилган тадқиқотлар жорий йилда гепатитнинг А тури билан оғрийдиганлар сони кўп бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай беморлар учун шифохоналарда қўшимча жой тайёрланган, етарли дори-дармон ажратилган.

М.Абдуқодированинг қўшимча қилишича, гепатитнинг Б тури оғир ва сурункали бўлиши, онадан болага юқиши мумкинлиги туфайли мамлакат миқёсида эмлаш йўлга қўйилган. Аммо гепатитга қарши вакциналар қиммат. Сариқнинг Б тури оғир асоратларга олиб келиши назарда тутилиб, унинг вакциналаригина харид қилинмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон болалар ўлими жиҳатдан дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бунга турли юқумли касалликлардан нобуд бўлаётган болалар сони кўплиги ҳам сабаб бўляпти.
XS
SM
MD
LG