Линклар

logo-print

Хорижда ишлаб, пулсиз қайтаётган ўзбеклар


Турғунбек Тирикчилик ўтказиш мақсадида Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган фуқароларнинг маълум қисми иш ҳақини ола олмай, хор-зор бўлиб юртига қайтишга мажбур бўляпти.

Андижон туманидаги Ҳакан қишлоғи “Оғиллик” маҳалласида яшовчи Қобил Жўраевнинг сўзларига қараганда, у 4 ҳамроҳи билан 87 кун давомида Москвада икки қаватли уй қурилишида қатнашган. Иш берувчилар ойига 200 доллардан ҳақ тўлашни ваъда қилган, лекин бир тийин бермаган. Хоразмлик йигитлар ҳам 3,5 ой давомида ишлатилиб, ҳақ берилмай ҳайдаб юборилган.

Марҳамат туманидаги Полвонтош шаҳарчасилик Акрам Маматовнинг таъкидлашича, бу ерда яшовчи 5 минг кишининг 70 фоизи Россияда ишлаб, тирикчилигини ўтказади. Россияда уларнинг деярли барчаси қора ишлар, масалан, қурилиш билан шуғулланади.

Булоқбошилик Қудратхоннинг айтишича, эри пул ишлаш учун Россияга кетган. У ердан пул ишлаш ўрнига қарздор бўлиб қайтган. Қарзини молини сотиб узган.

Кузатувларга қараганда, саратон иссиғида пахта ва буғдой етиштириб, фойда кўрмаётган деҳқон ва фермерлар ҳам қиш совуғида дам олиш ўрнига, маблағ ишлаб келиш учун қўшни мамлакатларга кетмоқда.

“Озод деҳқонлар” партиясининг Шаҳрихон тумани бўлими раиси Араббой Турғунов ёз бўйи уч гектар ердаги пахта ва буғдойга ишлов берди. Аммо ҳосилдан беш жондан иборат оиланинг 1,5 ой давомида яшашига етадиган фойда олди. Шундан сўнг у Қозоғистонга бориб ишлашга мажбур бўлди. Унинг хотини Йўлдошхон Турғунованинг билдиришича, эри Қозоғистонда уч ойдан буён ишлаяпти. Ҳали бери уйига қайта олмаса ҳам керак. Чунки иш берувчи унинг ҳужжатларини олиб қўйган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Шаҳрихон тумани бўлими раиси Шуҳратбек Алиевнинг айтишича, туманда қарийб 215 минг аҳоли бор. Уларнинг кўпчилиги иш билан таъминланмаган. Туманда мавжуд фабрикалар ишламайди.

“Андижоннома” газетасининг жорий йилдаги 1 декабрь сонида вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Содиқов билан суҳбат чоп этилган. “Истаганга иш топилади” сарлавҳали ушбу мақолада жорий йилнинг 9 ойи давомида 26 минг фуқаро иш сўраб мурожаат қилгани айтилади. Бироқ бу суҳбатда ўзбекистонликларнинг қанчаси иш излаб хорижга чиқиб кетаётгани, уларнинг ишлари учун ҳукумат қандай шароит яратиб бераётгани ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ.
XS
SM
MD
LG