Линклар

Windows ўзбекчалаштирилмоқда


Зикрилло Ишонч Хабарларга қараганда, Ўзбекистонда Windows операцион тизимини ўзбекчалаштириш устида иш олиб борилмоқда. Бу иш мамлакатда компьютер саводхонлиги кескин ошишига олиб келиши айтиляпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда компьютердан фойдаланувчиларнинг 96 фоизи рус тилидаги Windows операцион тизимида ишлайди. Қолган тўрт фоизи эса Windows нинг инглиз тилидаги версиясидан фойдаланади. Бу эса ёш авлоднинг компьютердан фойдаланишида маълум қийинчиликлар туғдиряпти.

Windows операцион тизимининг ўзбек тилидаги версиясини яратиш устида математик олим, профессор Абдумажид Пўлатов жиддий изланишлар олиб бормоқда.

Олимнинг сўзларига қараганда, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ўзбек ва инглиз тили филологлари, компьютер дастурчилардан иборат гуруҳ шакллантирилган. Лойиҳа Microsoft компанияси томонидан ҳам маъқулланяпти. Одатда компания Windows ни маҳаллий тилга ўгириш учун молиявий ёрдам кўрсатади. Масалан, Қозоғистонда шу ишни бажариш учун компания 2 миллион доллар пул ажратган. Ўзбекистон ҳам шундай молиявий кўмакни олиш йўлида иш олиб боряпти.

А.Пўлатовнинг таъкидлашича, лойиҳа амалга оширилгач, Windows тўла ўзбекчалашади. Мазкур дастурдаги матнлар, овозлар ўзбек тилида берилади. Бу ишни амалга ошириш учун тахминан 20-25 минг саҳифа матн, 6-8 минг атама ўзбек тилига таржима қилиниши керак. Айни пайтгача Windows нинг турли тиллардаги версиялари ўрганилиб, 600-700 атама ўзбек тилига ўгирилган.

А.Пўлатовнинг билдиришича, айни пайтда бу иш натижаларини эълон қилиб бориш режалаштирилмаган. Чунки қилинган ишлар мамлакат ҳукумати ва Microsoft компаниясининг тасдиғини олиши керак.
XS
SM
MD
LG