Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:53

Эрон ядровий қурол яратишга ҳаракат қилаяптими?


Ироқ босиб олинганидан сўнг, Вашингтон энди "жаҳолат ўқи"даги мамлакатлардан яна бири – Эронга қарши туриши лозим, деган фикрлар президент Буш маъмуриятидаги айрим расмийлар орасида тобора кўпроқ ва тезроқ, гўё ноғора овозидай, янграй бошлади.

Вашингтон фикрича, Теҳрон терроризмни ҳукумат даражасида қўллаб-қувватлаяпти ҳамда ядровий қурол яратишга ҳаракат қилаяпти.

Яқин-яқинларгача Теҳрон бу соҳадаги изланишларини БМТнинг ядровий қуроллар назорати билан шуғулланувчи агентлигидан сир тутиб келди. Эндиликда эса, яъни БМТ нозирлари талаб қила бошлаганидан сўнг, Теҳрон ядровий дастури тафсилотларини очиқлай бошлади.

Шу тариқа жаҳон жамоатчилиги баҳс-мунозараларига сабаб бўлган яна бир глобал масала пайдо бўлди: Эрон ядровий қурол яратиш устида иш олиб бораяптими-йўқми?

Эроннинг ядровий дастурига нисбатан Вашингтон позициясини АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл яқинда анчайин очиқ эътироф этар экан, жумладан мана бу гапни айтган эди:

"Эрон ядровий қурол яратиш йўналишида ҳаракат қилаётганлигини шу пайтгача олинган далил(лар) аниқ кўрсатиб турибди. Халқаро атом энергияси агентлигининг бу муаммога қаттиқ киришгани ҳам, Россия Бушеҳрдаги янги реакторни ёнилғи билан таъминлашда эҳтиёткорлик қила бошлагани ҳам, Эронни тўхтатиш учун Европа Иттифоқи ўз ташқи ишлар вазирларидан уч нафарини Теҳронга юборгани ҳам ана шундан".

Бироқ Эрон расмийлари, хусусан, президент Хотамийнинг ўзи ҳам Теҳрон ядровий энергиядан фақат тинч мақсадлар учун фойдаланишни кўзлаётганини таъкидлаяпти.

"Биз танлаб бўлдик. Ядровий технологияларнинг тинч мақсадларга хизмат қилишига "Ҳа", деймиз, атом бомбасига "Йўқ", деймиз. Йўқ - нафақат бевосита биз учун. Минтақа учун ҳам, дунё учун ҳам йўқ, деймиз", - деган эди жорий йилнинг сентябрида президент Хотамий.

Хўш, ким ҳақ?

Таҳлилчилар фикрича, 2002 йилдан бошлаб халқаро майдонда пайдо бўлган бўҳронга ечим топиш учун, унга сабаб бўлган далилларнинг нақадар ишончли эканлигини текшириб кўриш лозим. Эроннинг мамлакатдан қувилган мухолифати айтилаётган далилларнинг катта қисмини тақдим этган, улар уранни бойитиш юзасидан махфий равишда тажриба ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида эди. Махфий лойиҳа доирасида 160 та газ центрифугаси қурилган, шунингдек, ҳаводан бериладиган зарбага дош бера оладиган 5000 та ерости бункерини жиҳозлашга етадиган ускуна бўлган.

Центрифугалар бойитилган уран ҳосил қилишга мўлжалланган. Бу модда ядровий ёнилғи сифатида ишлатилади. Янада юқорироқ даражада бойитилган урандан эса ядро бомбаси яратишда фойдаланиш мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, ошкор бўлиб қолган фактлар Эрон ўзи имзолаган "Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисида"ги халқаро шартномани бузганлигини кўрсатиб турибди. Ҳужжатга биноан, Эрон ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланиши мумкин, бироқ, айни пайтда, бу соҳадаги ўз объектларини БМТ Атом энергияси агентлиги нозирларига текшириш учун очиб қўйишга мажбурдир.

Калифорниядаги Ядровий қуролларни тарқатмаслик масалалари тадқиқот маркази ходими Fred Wehling уранни бойитиш бўйича иш олиб борганининг ошкор бўлиб қолиши кўплаб мутахассисларни Теҳроннинг некбинлигига шубҳа билан қарашга мажбур қилиб қўйди, дейди.

Ядровий қурол яратиш борасидаги махфий ҳаракатлари ошкор бўлиб қолганидан буён Теҳрон Атом энергияси халқаро агентлиги билан ўзининг ядровий дастури бўйича ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаб келаяпти. Бироқ айни пайтда "Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисида"ги халқаро шартнома доирасида ядровий ёнилғи ишлаб чиқаришга ҳақли эканлигини ва бу фаолиятини ривожлантириб, давом эттираверажагини ҳам яширмаяпти.

Мутахассислар фикрича, Эрон шу тариқа ядровий қурол яратиш муддати ҳисоб-китобини қилаяпти, холос.

Лондондаги Европа ислоҳотлари марказининг халқаро хавфсизлик масалалари бўйича мутахассиси Daniel Keohane мана бу фикрни билдирди:

"Агар европаликлардан Эрон ядровий бомба яратишдан қанчалик олис, деб сўрасангиз, кўпчилик 4 – 6 йилда бомбали бўлиб олади, деган фикрни билдиради. Вашингтонда эса, тушунишимча, 3 йил, балки ундан-да тезроқ муддатни айтишлари мумкин. Ҳамма гап Эрон келаси йил ва умуман, яқинроқ келажакда ўзини қандай тутишига боғлиқ".

Унинг фикрича, Эроннинг ядровий қурол яратиш устидаги ишлари суръати унинг Европа давлатлари билан қай даражада ҳамкорлик қилишига боғлиқ. Европа давлатлари уранни бойитиш дастурини тўхтатиши эвазига Теҳронга савдо соҳасида бир қатор имтиёзлар таклиф қилмоқда.
XS
SM
MD
LG