Линклар

Муҳаммад Солиҳ: "Бизнинг халқимиз ҳам украинлар каби яқин замонлар ичида майдонларга чиқажак!"


Яқинда Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб берган эди.Қуйида ўша радиосуҳбат матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мухбир: Агар Эрк демократик партияси 2004 йил 26 декабрга белгиланган парламент сайловларида қатнашиш имконига эга бўлганда¸ ҳозирги сиëсий-ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб¸ партиянгизнинг сайлов платформаси қандай бўлган бўларди?

Муҳаммад Солиҳ: Платформамиз Эрк партиясининг Интернетдаги сафиҳасига қўйилган ва мен уни яна бир бор эслатиб ўтаман.Платформамиздаги биринчи иш¸ бугунги мавжуд диктатура тузумини конститутцион ҳизога келтириш¸ яъни конституциянинг ичига киритиш керак.Бу иш бугун бизга имконсиз кўринаяпти ва агар бизни сайловга киритганда ҳам¸ бу ишни қилолмаган бўлардик¸ чунки режим бугун конституциянинг устида ўтирибди.
Иккинчиси¸ бозор иқтисодини тўла амалга ошириш ва бу борада қилинмай қолаëтган ишларни қилиш.
Учинчиси¸ бугун ўзгача фикрловчилар ва эркин сўзга ўтказилаëтган зулмни тўхтатиш¸ сиëсий маҳкумларга озодлик бериш¸ уларни реабилитация қилиш.Сайлов системасини янгидан тузатиш¸ сиëсий сургундаги мухолифатчиларни ватанга қайтариш ва уларни сиëсий жараëнга жалб қилиш.

Мухбир: Эрк партияси 26 декабр кунги сайловларни бойкот қилишга чақираяпти.Демак партия ҳозирги сиëсий шароитда ўз фаолияти учун бундан бошқа чора кўрмаяптими?

М.С.: Албатта¸ бойкот бугунги вазиятда қўлимиздан келадиган ягона иш.Чунки бундай бир мухолифатсиз¸ ҳукумат сайловида қатнашишини исташ унинг машруълиги¸ яъни легитимлигини тан олиш демакдир.Бу эса¸ мухолифатнинг вазифаларига¸ демократияга хиëнат ҳисобланади ва бу бизнинг 15 йилдан бери тутиб келаëтган принципларимизга хилоф иш бўларди.Шунинг учун биз сайловларни бойкот қилишга қарор бердик.

Мухбир: Мухолифатдаги Бирлик партиясининг бу масалага ëндашуви бошқача.Улар фикрича¸ сайловларни бойкот қилишдан кўра¸ одамларни сайловда фаол қатнашиш¸ аммо кўрсатилган номзодларнинг барига қарши овоз беришга ундаш тўғрироқ бўлади.

М.С. : Буни қилаëтган одамларнинг ўзлари сайлов қонун-қоидаларини жуда яхши билишади ва қарши овоз берилган-берилмаганига қарамай¸ натижа бу сайлов устида турганлар томонидан хоҳлаганича ўзгартирилишини ҳам билишади.Демак бу ерда катта сиëсий мақсаддан кўра¸ тор доирадаги мақсадлар бўлиши мумкин.

Мухбир: Ўзбекистондаги парламент сайловларига нисбатан муносабат масаласида халқаро ташкилотлар мушкул бир вазиятда қолишмоқда.Ниҳоят яқинда¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти чекланган кузатувчилар гуруҳини юборишини билдирди.Бу масалада Эрк партияси қандай ëндашув тарафдори?

М.С. : Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг юбораëтган чекланган кузатувчилар гуруҳи бу сайловнинг ҳеч қандай сайлов эмаслигини кузатиш учун¸ менимча¸ кетаяпти.Гарчи улар бормаса ҳам сайловнинг сайлов эмаслиги маълум.Аммо балки ўз кўзлари билан кўрса¸ бунинг халққа қарши ҳукумат қўяëтган навбатдаги ўйин¸ ташқи дунë учун ўтказилаëтган томоша эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиларлар.Ҳукуматнинг ўзи ҳам ташқи дунëни бу ўйин билан алдаб бўлмаслигини сезиб турибди.Кетаëтган чекланган гуруҳ¸ сайлов деб баҳолаш учун эмас¸ балки шунчаки фактни белгилаб қўйиш учун кетаяпти¸ холос.

Мухбир: Айни пайтда¸ Европа ва Ғарб ҳамжамиятининг¸ масалан¸ Украина сайловларига бутунлай бошқача муносабатда бўлганини кўрдик.Улар қаллобликлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар пайдо бўлиши билан¸ бу сайлов натижалари ва улар оқибатида ҳукуматга келадиган одамни тан олмасликларини очиқ –ойдин айтишди.Аммо Ўзбекистондаги сайловлар масаласида аҳвол бошқача.Халқаро ташкилотлар сайловнинг¸ сиз айтмоқчи¸ сайлов эмаслигини айтишлари мумкин¸ бироқ айни шу сайловдан кейин тузилажак парламент билан ишлашни давом эттираверадилар.Бунинг битта мисоли - Германия Бундестаги.

М.С. : Германиянинг бу борадаги сиëсати ўзи аввал бошдан икки хил стандартли. Бу борада Британия парламентининг позицияси анча демократик ва яқинларгача АҚШ тутуми ҳам шундай эди. Бугун Ўзбекистон исломий фундаментализмга қарши курашда¸ гўë Ғарбнинг яқин иттифоқчиси бўлгани учун¸ унинг бошига уриш ўрнига¸ уни силаш давом этмоқда¸ афсус.Бу борада бизга муносабатни Украина билан солиштириб бўлмайди.Аммо биз Ўзбекистондаги режим шаънига қаттиқроқ ва кескин гаплар сайловдан кейин айтилишига умид қилиб турибмиз.

Мухбир: Бундан беш йил аввалги сайловларда ҳам сиз билан айни шу руҳ билан¸ айни шу саволлар атрофида гаплашган эдик ва сиз сайловларда сайлов йўқлигини айтган эдингиз.Бундай вазият яна қанча давом этади деб ўйлайсиз?

М.С.: Гапингиз тўғри¸ кейинги 10 йил ичида сизнинг саволларингиз ҳам¸ менинг унга жавобларим ҳам ўзгармади¸ афсуски.Ҳар бир халқ ўзининг ҳукмдорига лойиқ¸ деган эски¸ қадимги бир ҳикмат бор ва у аччиқ бўлса-да¸ афсуски жуда тўғри.Токи халқимиз кўчага чиқиб ўз ҳаққини талаб қилмас экан¸ бизга на Америка ва на Британия ëрдам беради.Халқнинг ўзи уйғониши ва ҳаққини талаб қилиши керак ва бизнингча шу кунлар яқинлашаяпти.Xалқ деб майдонга чиққанларга халқдан шикоят қилиш ярашмайди ва биз халқимиздан нолиëтганимиз йўқ.Ўзбекистондан келаëтган хабарларга қараганда¸ бизнинг халқимиз ҳам украинлар каби яқин замонлар ичида майдонларга чиқажак.

Зебунисо суҳбатлашди.
XS
SM
MD
LG