Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:06

Қозоғистонда “Мулкни амниcтия қилиш тўғрисида” қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилди


Қозоғистон ҳукумати “Мол-мулкни амнистия қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламент муҳокамасига қўйди. Қонун лойиҳасига кўра, мулкдорлар шу вақтгача турли йўллар билан қўлга киритган, аммо, давлатдан, эл-юртдан яшириб юрган мулкини қонунан хусусийлаштириши мумкин. Кузатувчиларнинг билдиришича, қонун лойиҳасида бу мулкка қандай эришилгани тўғрисида ҳисоб бериш кўзда тутилмаган. Бундан икки йил муқаддам Қозоғистонда худди шу тахлит шахсий маблағни амнистия қилиш тўғрисида қонун қабул қилинган эди. Бироқ мулкни амнистия қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси анчадан буён парламентда маъқулланмаяпти. Бу гал ҳам парламент лойиҳани рад этди. Нима учун?

22 декабр куни Қозоғистон Адлия вазирлиги “Мулкни амнистия қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламент қуйи палатаси — Мажлис муҳокамасига қўйди. Аммо Мажлис депутатлари кўпчилик овоз билан бу лойиҳани рад этди.

Аксарият депутатлар фикрича, биринчидан, қонун лойиҳаси ҳали пухта ишланмаган. Мажлис депутати Рауан Шаекиннинг айтишича эса, бу қонун лойиҳаси устида ҳали кўп ишлаш керак.

“Қонун лойиҳаси жуда хом. Неча марта қайтарилди, бироқ шунда ҳам тузукроқ қайта ишланмаган. Қолаверса, бу қонун устида ишлаётган гуруҳни биров билмайди. Бу бир-икки депутат ёки бир қўмита доирасида тайёрланётган ҳужжат-да! Қабул қилишга ҳали, умуман, тайёр эмас”.

Депутатлар илгари сурган иккинчи масала, бундай қонуннинг қабул қилиниши шу вақтга қадар турли усуллар, хусусан, жиноий йўллар билан қўлга киритилган мулк ҳеч бир жавобгарликсиз қонунийлашиб кетишига хизмат қилиши мумкин.

Жумладан, Мажлис депутати Серик Абдураҳмоновнинг Озодлик радиоси Қозоқ хизмати мухбирига билдиришича, қонун лойиҳасини қайта-қайта парламент муҳокамасига қўяётган муаллифлар бу қонунни нима учун айнан ҳозир қабул қилиш керак, деган саволга жавоб беришни истамаган.

“Менимча, бунинг сабаби қонун лойиҳасини илгари сурувчилар бундан ўз мақсади, шахсий манфаатини кўзлаётганида. Бу қонун лойиҳаси баъзи катта-катта пулдор, амалдор кимсаларнинг ўғирлигини яшириш, жавобгарликдан қочиши учун керак. Бундай қонун лойиҳасини қабул қилиш яхши эмас”.

Айрим депутатлар эса икки йил муқаддам пул амнистияси тўғрисида қонун қабул қилинганини эсламоқда. Уларнинг таъкидича, шахсий маблағларни амнистия қилиш тўғрисидаги қонун Қозоғистон иқтисоди учун кутилган фойдани бергани йўқ. Аксинча, пулдорлар турли йўллар билан топган пулини қонунийлаштириб олди, холос, дейишмоқда аксар қозоғистонлик депутатлар. Депутат Амалбек Тшаннинг айтишича, шу боис, халқ ҳам бундай қонун қабул қилинишини маъқуллаётгани йўқ.

“Аксинча, пулдорлар ўғирланган пулини мамлакатга олиб келди ва натижада, Алматидаги данғиллаган уй-жойлар сони кўпайиб бораяпти, холос. Яқинда мамлакат Бош прокурорининг юртбошига ёзган хатини ўқидим. Унда ёзилишича, Қозоғистон ички ялпи маҳсулотининг 50 фоизи яширин иқтисод ҳиссасига тўғри келар экан. Бу нима дегани, ахир? Нега бундай бўлаяпти? Нима, бизнинг мамлакатдагилар саводсизми, буни кўра туриб, йўл қўйгани?”

Қозоғистондаги “Ақ жўл” партияси ҳамраиси Олтинбек Сарсенбоев фикрича, амнистия қилиниши мумкин бўлган шахсий мулкнинг ҳажми қонун лойиҳасида аниқ кўрсатилмаган. Бу ҳам масаланинг нозик томони, дейди Сарсенбоев. Унинг айтишича, агар бу меёр белгиланса, бир вақтлар ўғирлаб олинган катта-катта завод ва корхоналарнинг эгалари юзага чиқиб қолиши мумкин.

“Қонуннинг асосий мақсади, бир вақтлар ўғирланган мулкларни қонунийлаштириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмига қўшиш. Аммо, катта-катта заводлар кимнинг қўлига ўтиб қолган, қандай ўтиб қолган — бунга ҳисоб бериш масаласи қонунда ойдинлаштирилмаган. Демак, ўғирланган мулкни ҳеч суриштирмай, қонунийлаштириб қўйиш ҳақида гап бораяпти-да, бу ерда”.

Алтинбек Сарсенбоевнинг айтишича, айнан шу сабабли қайта-қайта муҳокамага қўйилаётган қонун лойиҳаси аксарият депутатларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирга келиб, Қозоғистонда яширин иқтисод улуши мамлакат иқтисодиётининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда.
XS
SM
MD
LG