Линклар

logo-print

Ўзбекистонда парламент сайловларининг эркин ва адолатли ўтказилишидан дарак борми?


A. Aрал Ўзбекистонда 26 декабр куни ўтказиладиган парламент сайловлари кўплаб кузатувчилар фикрича¸ демократик ва адолатли бўлмайди. Чунки мухолифат иштирокисиз ўтказиладиган ҳар қандай сайлов адолатли бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловларда ҳукумат тарафдори бўлган бешта сиëсий партиядан ташқари мухолиф партиялар рўйхатга олинмагани сайловлар эркин ва адолатли ўтишига шубҳа ўйғотмоқда. Ўтган ой бошларида Ўзбекистонда бўлиб қайтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Марказий Осиë бўйича вакили Марти Ахтисаари сайловда бирор бир мухолиф партияга иштирок этиш имкони берилмагани юзасидан афсусланиш билдирди.

Аммо Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу ой бошларида парламент сессиясида сўзлаган нутқида 26 декабрда ўтказиладиган сайловлар эркин ва ошкора бўлишини таъкидлаган эди.

Лекин Халқаро Ҳелсинки федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича директори Арон Родес Президент Каримовнинг ушбу баëноти юзасидан шубҳа билдириб¸ мухолиф партиялар иштирок этишига йўл қўйилмаган бўлажак парламент сайловларини демократик сайлов бўлмаслигини таъкидлайди.

"Бу сайловлар мухолиф партиялар иштирокисиз ўтказилиши аниқ. Чунки мухолиф партиялардан бирортаси ҳам расман рўйхатдан ўтказилмаган. Масалага холис ëндашадиган ҳар бир киши Ўзбекистонда демократик сайлов ўтказиш учун шароит мавжуд¸ деб айта олмайди. Шу боис мен Президент Каримов баëнотига катта шубҳа билан қарайман"¸ - дейди Арон Родес.

Шу билан бирга у агар сайловлар чинакам демократик тарзда ўтказилмаса¸ бундай сайловни ошкора¸ деб бўлмайди¸ дейди.

"Совет даврида бир партиядан бир номзод кўрсатиладиган сайловларни қайсидир маънода ошкора дейиш мумкин. Лекин уларни демократик сайлов¸ деб бўлмайди"¸ - деб таъкидлади Халқаро Ҳелсики федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича диретори Арон Родез.

Унга кўра¸ Халқаро Ҳелсинки федерацияси Ўзбекистон парламент сайловларини кузатиш учун ўз вакилларини юбормайди.

Бундан икки ой муқаддам ЕХҲТнинг Варшавада ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро анжуманида Ўзбекистон расмийлари бўлажак сайловларда турли сиëсий партиялар¸ жумладан¸ мухолиф партиялар номзодлари ҳам иштирок этишини маълум қилган эди. Лекин бу иш амалга ошмади. АҚШ Конгрессмени¸ Ҳелсинки комиссияси раиси Кристофер Смитт яқинда қилган баëнотида¸ Ўзбекистонда ўтказиладиган парламент сайловлари натижасида ўз фикрини эркин билдира олмайдиган¸ ҳукумат идораларини назорат қилишдан ожиз¸ ҳукумат хоҳлаган парламент вужудга келишини қайд этган эди.
XS
SM
MD
LG