Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

Ўзбек киноси: Ким ҳақ, ким ноҳақ


Тўлқин Яқинда ўзбек киносининг атоқли режиссёрлари ва фахрийларидан ўн бешдан зиёди миллий кинонинг бугунги аҳволи ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги раҳбари Мурод Муҳаммад Дўст фаолиятидан шикоят қилиб, Президент номига мурожаат йўллади.

Шикоят хатига таниқли кинорежиссёр, профессор Шуҳрат Аббосов, халқ артисти Равил Ботиров, санъатшунос, профессор Жўра Тешабоев, сценарист Жасур Исҳоқов ва бошқалар имзо чеккан.

Сўнгги уч йил давомида ўзбек киносида бир талай ўзгаришлар содир бўлди.Хусусан, жорий йилнинг март ойида “Ўзбеккино” миллий агентлиги ташкил этиш ва уни давлат ҳисобидан молиялаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Хўш, ўзбек киноси арбобларини давлат раҳбари номига шикоят ёзишга ундаган муаммолар нимадан иборат?

Кинорежиссёр Ш.Аббосовнинг сўзларига қараганда, қарорга мувофиқ 15 та тўла метражли фильм ва янги асбоб-ускуналар учун маблағ ажратилган.Лекин “Ўзбеккино” раҳбари Мурод Муҳаммад Дўст бу қарор ижросини чиппакка чиқармоқда.

Шикоят хатида, асосан, “Ўзбеккино” раҳбари М.М.Дўст юргизаётган раҳбарлик сиёсати, ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш, ўзбек совет киносининг атоқли намояндалари тажрибалари, яхши анъаналаридан самарали фойдаланиш, тажрибада кўлга киритилган ютуқларни йўққа чиқармаслик ҳақида сўз боради.

Ш.Аббосовнинг айтишича, бу муаммоларни ўзбек киноси арбоблари М.М.Дўстнинг ўзига айтмоқчи бўлган.Лекин агентлик раҳбари уларни қабул қилмайди. Бадиий кенгашлар таркибини тез-тез ўзгартириб туради.Наим Каримов, Жўра Тешабоев ва Ш.Аббосовнинг ўзи тўғри гапни айтгани учун бу кенгаш аъзолигидан чиқарилган.Шикоят муаллифлари ажратилаётган маблағлар кино ривожига сарфланишини истайди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ходимлари ташкилотда сўнгги вақтда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, кадрлар ўзгаришлари, сценарийларга қўйилаётган талаблар кинони миллийлаштириш йўлида ҳаракатлар эканини билдирди.

“Ўзбеккино” ҳузуридаги бадиий кенгаш аъзоси, ёзувчи Эркин Аъзамовнинг таъкидлашича, М.М.Дўстнинг бу ҳаракатлари ўзбек киносининг ютуқларидир.Ўзбек киноси миллийлик сари юз бурган.Ўзбек тилининг бадиий жозибасига катта эътибор қаратилмоқда.

Ш.Аббосовнинг эътирофича, совет даврида шаклланган кино мактаби, унда қўлга киритилган ютуқ ва тажрибалар дунёда ҳозир ҳам қадрланади.Кино санъати соҳасида қўлга киритилган бу анъана ва тажрибалардан воз кечиб, миллий кино яратиб бўлмайди. Ҳозир драматургия таназзулга юз тутган.Лекин буни тиклашга “Ўзбеккино” раҳбари эътибор қаратмаётир.

Э.Аъзамовнинг айтишича, ҳозир фильм яратиш учун кам маблағ ажратилмоқда.Шунга қарамай, сўнгги уч йил ичида ўзбек киноусталари яратган бир қанча фильмлар, хусусан, “Дилхирож”, “Дев билан Пакана”, “Воиз” халқаро анжуманларда совринларга эга бўлган.

“Озодлик” мухбири айни пайтда Москвада яшаётган ўзбек кинорежиссёри Шавкат Абдусаломовдан ўзбек киноси ҳақидаги фикр билдиришни сўради.

“Ҳозир Ўзбекистонда суратга олинаётган фильмларнинг аксарияти комедия жанрида. Бу эса миллатни аҳмоқ қилишдан ўзга нарса эмас.Турмуш у қадар яхши бўлмаган пайтда ҳадеб кулавериш ярашмайди.Кулги ҳам турмуш фаровон бўлганда ярашади.Аслида эса Ўзбекистондаги бугунги ҳаёт кинода тасвирланганидек қувноқ эмас.Мен Москвада Ўзбекистондан келган жуда кўп мардикорларни учратаман ва уларни суҳбатга тортаман. Бу менга ниҳоятда оғир ботади.Ҳозир Ўзбекистондаги киночилар миллатни алдамай, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатни, миллатнинг фожеасини кўрсатиши керак”, - деди Ш.Абдусаломов.
XS
SM
MD
LG