Линклар

Президент совғаси кимошди савдосига қўйилди


Шайбон 1990-1995 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган Ойгул Маматова депутатлик фаолияти учун Ўзбекистон Президенти томонидан совға қилинган қўл соатини Интернет орқали кимошди савдосига қўйишга қарор қилди.

Кимошди савдоси ҳақидаги маълумот 24 декабрь куни “Озод овоз” сайти сайти орқали тарқатилди.

О.Маматованинг сўзларига қараганда, кўринишидан оддий бўлган бу қўл соати эркаклар тақишига мўлжалланган.Соатнинг халқаси сариқ рангда бўлиб, “Ўзбекистон” ёзуви туширилган.Соатнинг ўртасида мамлакатнинг рангли герби, унинг тагида Ислом Каримовнинг шахсий имзоси туширилган.

“Мен ишлаган парламентда икки кучли фракция – “Эрк” ва Халқ демократик партияси фракциялари бор эди.Унда тортишувлар, баҳслар бўларди.Бундай тортишувлар кўпайиб кетгандан кейин Каримов депутатларга халқимиз демократияга тайёр эмаслигини, шунинг учун парламентни отбозорга айлантирмаслик лозимлигини, Ўзбекистон барқарор давлатга айланганидан сўнг – 10 йил ўтиб, демократия ва эркинликларга йўл очилишини ваъда берган эди. Мана орадан шунча вақт ўтди.Ўша пайтдаги эркинликдан асар ҳам қолмади. 10 йил олдин мавжуд бўлган демократия учқуни ҳам сўнди. Мен шундан куюниб, (Президент совғаси учун) кимошди савдоси эълон қилдим”, - деди О.Маматова.

О.Маматова совғани кимошдига қўйишнинг яна бир сабаби борлигини ҳам айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу соатни тақиб юрса, гўёки мавжуд тузумни қўллаб-қувватлаётгандек туюлмоқда.Қолаверса, соатни сотиб, ҳозир тўпланиб қолган 3,5 миллион сўм қарзининг бир қисмидан қутулишни кўзлаган.

“Соат сотилса, бу менинг қадрим, агар сотилмаса, Каримовнинг қадри бўлади”, - деди собиқ депутат.

О.Маматованинг айтишича, у ҳозирча соатнинг дастлабки нархини эълон қилмоқчи эмас. Аммо таклиф қилинаётган нархни ҳар ҳафта сўнггида эълон қилиб бориш ҳақида “Озод овоз” сайти билан келишилган. Агар бир ойдан кейин сўнгги марта таклиф этилган нархдан юқори баҳо сўралмаса, соат сотилган ҳисобланади.

Соат кимошди савдосига қўйилгандан кейин О.Маматованинг электрон почтасига келган кўп сонли мактубларнинг бири қуйидаги сўзлар бор: “Ҳурматли Ойгул! Мен сиз айтаётган буюмни сотиб олишга тайёрман.Унинг дастлабки нархини билдирсангиз.Мен сизга ва оилангизга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрман”.
XS
SM
MD
LG