Линклар

logo-print

Қандай яшаяпсиз, Ўзбекистон туркманлари?


Дилнаво Маълумотларга кўра, ҳозир Қорақалпоғистонда туркман миллатига мансуб 130 минг аҳоли истиқомат қилади.Уларнинг турмуши Туркманистондаги миллатдошлариникига нисбатан анча оғир.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи Жамол исмли аёлнинг сўзларига қараганда, уларнинг шароити аввал анча яхши эди. Ҳозир эса жуда оғирлашган.Пенсия, ойлик ва нафақалар 3-4 ойда бир марта берилади. Болаларнинг кўпчилиги оч-наҳор, оёқяланг ва бошяланг юради. Қишлоқда бир ойдан бери электр энергияси йўқ.Газ ҳам, сув ҳам йўқ.

“Ҳокимликка қилган мурожаатларимиз бекор кетяпти. Чўл ҳудудида яшашимизга қарамай, шаҳардагидек ердан ҳам, жойдан ҳам солиқ олинади. Ҳатто сувни ҳам сотиб оламиз. Ерларимизни шўр босган. Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухородаги учрашувига катта умид боғлагандик.Афсуски, бу учрашувдан халқ учун бирор наф бўлмади.Туркманистондаги қариндошларимизникига на тўйга, на маъракага бора оламиз”, - дейди Жамол.

Жамолнинг айтишича, Туркманистонга турмушга чиққан ёки Ўзбекистонга келин бўлиб тушган қизлар жуда кўп.Одатга кўра, келинлар олиб қочиб келинган. Унинг кенжа ўғли ҳам Туркманистондан қиз олиб қочиб келган. Келин келганига саккиз ой бўлганига қарамай, Туркманистонга совчиликка бора олмайди. Келин эса йиғлаб ўтирибди.

Навбатдаги суҳбатдош Собир Абдуллаевнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистондаги туркманларнинг ҳаёти 4-5 йил илгарига қараганда анча яхшиланган.Улар ерда ишлашни, уйда ун қилиб, нон пиширишни ўрганган. Аммо қишлоқда ерда ишлаш учун техника йўқ. Шу сабабдан пахта ўз вақтида экилмайди. Бутун қишлоққа битта трактор бўлиб, фермерлар ер ҳайдатиш учун навбатда туради. Минерал ўғит ҳам ажратилган ер ҳажмига қараб берилмайди. Ўғит фермернинг қўлига етиб келгунча, бир неча бўғинда таъмагирликка дуч келинади.

“Сув масаласи насос билан ҳал қилинади. Насосга эса керосин керак. Ток билан ишлайдиган насос йўқ. Керосиннинг топилиши ҳам жуда қийин.Натижада суғориш ишлари кечикади. Газ олиб келамиз деб қувур тортишди, лекин газдан дарак йўқ. Чироқ ҳар куни кечқурун соат 10 дан 11 гача, эрталаб соат 8 дан 9 гача, яъни кунига икки соат ёнади. Ўчириш ҳақида бир оғиз огоҳлантиришмайди. Бизнинг аҳволимиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ”, - деди С.Абдуллаев.

Ўзини Қирмизи деб таништирган аёл яқинда Туркманистонга бориб келганини айтди. Унинг билдиришича, Туркманистондаги ҳаёт Ўзбекистондагидан яхшироқ.Бу ерда чироқ ҳам, газ, сув ҳам бор.Уларнинг ҳаммаси текин.

“Нуроний” жамиятининг Калтаминор қишлоғи бўйича раиси Саъдулла Тоғамуродов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бир илинжи борлигини айтди.

“Икки Президентнинг ўзаро тушунмовчилигиданми, Туркманистон билан чегарадош вилоятларга берилган енгилликлар бизнинг Тўрткўл туманига берилмай қолди. Илтимосим шуки, бизнинг туман ҳам чегарадош ҳудудлар рўйхатига киритилса ва уларга берилган енгилликлар бизга ҳам берилса”, - деди С.Тоғамуродов.
XS
SM
MD
LG