Линклар

Т.Йўлдошев: Ўзбекистонда истеъмол савати ҳажми камида 80 минг сўм бўлиши керак

  • Садриддин Ашур

Кўпчилик мустақил кузатувчилар ва сиёсатшунослар ўзбекистонликларнинг ҳаёти расмийлар айтаётганидек, анча яхшилангани йўқлиги, аксинча, янада оғирлашганини таъкидламоқда.

Бугун Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи 6530 сўмни ташкил этади. Бу пулга нари борса 3 килограмм гўшт ёки 25 килограмм ун сотиб олиш мумкин. Ўртача иш ҳақи эса тахминан 20 АҚШ долларидан иборат.

Мустақил сиёсатшунос, иқтисодчи Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, мамлакатда тирикчилик ўтказиш тобора оғирлашиб боряпти.Гарчи Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жорий йилда иш ҳақи ва пенсиялар 30 фоиз оширилган бўлса-да, нарх-наво бунданда кўтарилиб кетган.2003 йилнинг январидан 2004 йилнинг декабригача ҳар бир киши учун иссиқ сув нархи 961 сўмдан 1565 сўмга, совуқ сув қарийб икки баравар, иситиш тизими ҳар квадрат метр учун 68 сўмдан 114 сўмга, ҳар куб метр газ 5,5 сўмдан 9 сўмга кўтарилган.Иккинчи навли булка нон баҳоси 50 сўм қимматлашган.

Т.Йўлдошевнинг фикрича, иқтисодиётнинг ривожланиши ва ижтимоий ҳаёт ҳақидаги ёлғон статистика фуқароларнинг ҳокимиятга бўлган ишончини йўқотади.Масалан, инфляция нарх-навонинг ўсишига қараб ҳисоблаганда тахминан 50 фоизни ташкил этади. Лекин ҳукумат статистикасида 2003 йилда инфляция 3,8 фоиз, 2004 йил эса 0,13 фоизни ташкил этгани айтилади.Бу эса ҳақиқатдан ниҳоятда йироқдир.Агар солиқлар ва нарх-навонинг қанчалик ўсгани назарда тутилса, халқ ўтган йиллардагидан кўра анча қашшоқлашган.

Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон расмий доираларидан истеъмол савати ҳажми ҳақида ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи йўқ.Чунки агар бу маълумот ошкор этилса, халқнинг ҳақиқий аҳволи қай даражадалиги маълум бўлиб қолади.

Т.Йўлдошевнинг билдиришича, Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий аҳволини, истеъмол савати ҳажмини ўрганадиган махсус институтлар йўқ.Шунга қарамай, мутахассислар айни пайтда бир кишининг ўртача яшаши учун истеъмол савати ҳажми камида 80 минг сўм бўлиши кераклигини айтмоқда.Ҳолбуки, ҳозир мамлакатда бунча маош оладиганларлар жуда камчиликни ташкил этади.

Т.Йўлдошевнинг таъкидлашича, иқтисодий ривожланиш вазифалари ижтимоий сиёсат воситасида ҳал қилинади. Аҳоли фаровонлигини юксалтириш учун ялпи ички маҳсулотнинг тезлик билан ўсишига эришиш, ички бозорни ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш зарур.Бу вазифалар фақат жамият демократиялашган, ихчам ва масъулиятли давлат аппарати ташкил этилган ҳамда бозор муносабатлари ривожланган шароитдагина амалга ошиши мумкин.
XS
SM
MD
LG