Линклар

Номзодлар ХДПдан қарзга олинганми?


Лобар Маълумотларга қараганда, Сирдарё вилоятида расман бир партияга аъзо бўла туриб, бошқа партия томонидан депутатликка номзоди кўрсатилаётган шахслар борлиги аниқланган.

Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти бўлими хотин-қизлар секцияси раисаси Хайринисо Назарованинг сўзларига қараганда, "Миллий тикланиш", "Адолат" ва Либерал демократик партиялардан вилоят халқ депутатлари кенгашига номзоди кўрсатилган кишиларнинг йигирмага яқини ХДП аъзоси бўлиб, улар расман партия аъзолигидан чиқмаган. Яъни бу ҳақда ариза бермаган. ХДП раҳбарияти бу ҳолат ҳақида вилоят сайлов комиссиясига маълум қилган.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Бобомурод Исақулов бу ҳолатларда ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўйилмаганини билдирди. Унинг таъкидлашича, партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг барча ҳужжатлари қонуний равишда расмийлаштирилган.

Б.Исақуловнинг тушунтириш беришича, бир партия аъзосининг бошқа партияга кириш учун ёзган аризаси унинг аввалги партиядан чиққанини англатади.

Илгари ХДП аъзоси бўлган, айни пайтда вилоят кенгаши депутатлигига номзоди бошқа партиядан кўрсатилган кишилар ҳам жорий йилнинг октябрь ойидан буён ўзининг номзоди кўрсатилган партия аъзоси эканини таъкидлади.

Ҳуқуқшунос Шуҳрат Эгам ҳам вилоят сайлов комиссияси раисининг фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг этирофича, агар шахс бир партия аъзоси бўла туриб, иккинчи партия аъзолигига ариза ёзса, мана шу аризаси қонуний кучга эга бўлади. Яъни бу ариза автоматик равишда шахснинг аввалги партия аъзолигидан чиққанини ҳам билдиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги қонуннинг 22-моддасида сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатли экани айтилади.
XS
SM
MD
LG