Линклар

logo-print

Украинанинг “Зарғалдоқ инқилоби”: Ўтмишдан воз кечишми ёхуд тарихий чақинми?


Украинанинг “Зарғалдоқ инқилоби” иштирокчилари ғалаба қозонди дейишга ҳали эрта. Тўлиқ ғалаба ҳақида гапириш учун инқилобчилар етакчиси, яъни Украина президентлигига мухолифат номзоди Виктор Юшченко 26 декабр куни ўтказиладиган сайловларда кўпчилик овозни олиши лозим.Лекин нима бўлганда ҳам, мамлакатда ғайриоддий бир ҳодиса содир бўлганини инкор этиш қийин.Мухолифат тарафдорларининг ҳафталар давомида норозилик намойишларини тўхтатмаслиги ва бунинг натижаси ўлароқ қалбакилаштирилган сайлов натижаларининг бекор қилиниши янги, демократик Украина туғилишидан далолат бераётгандек.Бироқ охирги воқеалар Украинанинг Совет пайтларидаги каби тузумга қайтиши сабаб бўлиши мумкин, деган фикрдагилар ҳам йўқ эмас.Мавзуни ҳамкасбим Фаррух Юсуфий давом эттиради.

Украина мухолифати ўзининг кўп минглаб тарафдорлари билан бир неча ҳафта давомида кўчаларда норзолик намойишларни ўтказиши бутун дунё эътиборини ўзига қаратди. Бу воқеалар Украинанинг Советча ҳукуматини жумбушга келтирди.Бир қарашда “Зарғалдоқ Инқилоб” аллақачон ғалаба қозонгандек.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази Украина масалалари бўйича мутахассиси Стюарт Хенселнинг фикрича, Украина ўз ўтмишидан воз кечадиган вақт келди.

“Ўтган ойда юз берган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, халқнинг мамлакатда эски тузум ҳукмронлик қилишига рози бўлишини тасаввур қилиш қийин. Афтидан Украинада қандайдир тарихий ўзгариш содир бўлгандек кўринади”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Бироқ бу ростдан ҳам шундайми – йўқми кўпчилик учун саволлигича қолмоқда.

3 декабр куни Украина Олий суди президентлик сайловининг иккинчи босқичи натижаларини қалбакилаштирилган ва ноқонуний, деб топди ҳамда 26 декабрда қайтадан овоз бериш ўтказилиши кераклигини эълон қилди.

Бир қарашда мухолифатчи Виктор Юшченко Бош вазир Виктор Янукович устидан ғалаб қозониши учун барча шарт-шароитлар бор.

Лекин ҳамма ҳам бундай фикрда эмас. Бир неча ҳафта давом этган воқеалар ҳақиқатан ҳам совет ўтмишидан воз кечиш учун қўйилган қадам эканига шубха билдирганлар ҳам бор.

Таҳлилчи Хенсел Украина энди орқага қайтиши амри-маҳол эканига ишонса ҳам, келажакда жиддий муаммоларга учраши мумкинлигини айтади.

“Менимча, Украинада жиддий сиёсий муаммолар вужудга келиши мумкин. Мамлакат парламентини ҳақиқий самарали органга айлантириш учун сиёсий партиялар етарлича ривожлангани йўқ.Ўйлашимча, Юшченконинг сиёсий ислоҳотларни амалга ошириши қийин бўлади. Бундай ислоҳотлар эса парламент ва ҳукумат ўз мавқеларини суиистеъмол қилишларининг олдини олиш учун керак бўлади”.

Хенселнинг фикрича, янги президент маъмурияти ислоҳотларни амалга оширишда бюрократия, махсус хизмат ва ички ишлар органларининг қаршилигига учрайди. Бундан ташқари, дея давом этади таҳлилчи, қатъиятсиз Юшченконинг ўзи ҳам муаммолар туғдириши мумкин.

Киев-Могилёв академиясининг тарих ва фалсафа профессори Игор Лосев Украина ўз ўтмишидан тўлиқ воз кечди дейишга ҳали эрта эканлигини таъкидлайди. Унинг айтишича, Россия Украинадаги ўйинни ҳали ютқазганича йўқ.

“Кўп нарса ҳукумат ва шубҳасиз Москва ўзини қандай тутишига боғлиқ. Воқеалар улар 26 декабр куни бўладиган қайта овоз бериш натижаларини қандай қабул қилишига қараб ривожланади. Нима бўлганда ҳам бу норозилик намойишларини ўтмишдан узил-кесил воз кечиш, деб баҳолай олмайман”, - дейди украиналик олим.

Унинг таъкидлашича, укариналикларнинг ҳаммаси ҳам демократиялаштириш ғоясини қўллаб-қувватламайди. Мамлакатнинг шарқий қисмида кўпчилик Юшченкога қарши, шунинг учун, дея давом этади Лосев, у бутун мамлакат президенти бўла олиши учун қаттиқ ҳаракат қилиши лозим.

Бироқ профессорнинг эътироф этишича, Украина тарихида бундай норозилик намойишлари ҳали бўлмаган.

Лондонлик таҳлилчи Хенсел ҳам ўтказилган намойишлар Украина учун янги сиёсий ҳодиса эканлигини қайд этади. Унинг айтишича, Кремл Януковични қўллаб-қувватлашини кўрган халқ, Россиянинг Украина тақдирини ҳал этишга аралашишидан ғазабланган. Бу эса, дейди таҳлилчи, украинликларнинг бир миллат эканини ҳис этишига ва уларни бирлаштиришга ёрдам берди.

Шу нуқтаи назардан эса “Зарғалдоқ инқилоби” Украинанинг совет ўтмишига якун ясади, дейди Кивелик тадқиқотчи Александр Сушко. Унинг айтишича, бугунги воқеаларда украиналикларнинг ўзлари демократик жамият яратиш учун пойдевор ясамоқдалар.

“Орқага қайтиш дейсизми? Агар гап қандайдир бир Юшченко ва Янукович ўртасидаги келишмовчилик ҳақида борганида эди, орқага қайтиш эҳтимоли бўлиши мумкин эди. Лекин келишмовчилик сиёсий элита ўртасида эмаслигини аниқ кўриб турибмиз. Жамиятнинг ўзи энди орқага йўл йўқлигини аниқ кўрсатди”, - дейди Сушко.

Бундан буён, дейди тадқиқотчи, украиналиклар хоҳ мамлакат ташқарисидан, хоҳ ичкарисидан бўлсин, кимдир зўрма-зўраки тарзда улар учун етакчи тайинлашига рози бўлмайди.
XS
SM
MD
LG