Линклар

logo-print

Номзод сайловдан четлатилди

  • Садриддин Ашур

Номзоди Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган Зиёмуҳаммад Мўминов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловдан четлатилди.

МСКнинг 23 декабрь куни ўтказилган йиғилишида айтилишича, “Адолат” социал демократик партияси 2 та, Халқ демократик партияси 3 та, “Фидокорлар” миллий демократик партияси 1 та номзодини сайловдан чақириб олган. Либерал демократик партия вакили, 78-Тўйтепа сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган Зиёмуҳаммад Мўминов эса сайловолди ташвиқоти жараёнида ноқонуний ҳаракатлар қилгани учун МСК томонидан сайловдан четлатилган.

Ўзининг сайловдан четлатилгани муносабати билан 24 декабрь куни З.Мўминов хорижий оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказди.

З.Мўминовнинг сўзларига қараганда, унга ташвиқот ишларига МСК томонидан ажратилган 717 минг сўмдан ташқари ўз ҳисобидан ҳам плакатлар чиқариш, кўпроқ тарафдорларга эга бўлиш учун сайловчиларга шакар, қуруқ чой тарқатиш айблари қўйилган. Бироқ у бу айбларни асоссиз ҳисоблайди. Чунки ташвиқот материаллари МСК ажратган маблағ ҳисобига чоп этилган.

З.Мўминовнинг таъкидлашича, Оҳангарон шаҳрида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ўша ерлик тадбиркор аёл Зарифа Баҳодирова Меҳр-мурувват йили муносабати билан уруш фахрийларидан 27 нафарига ўз ҳисобидан 27 килограмм шакар ва 27 қути қуруқ чой тарқатган. Лекин номзоднинг бунга алоқаси бўлмаган.

15 декабрь куни 78-Тўйтепа сайлов округи комиссияси З.Мўминов устидан тушган аризаларни кўриб чиқиб, уни сайловдан четлатишни сўраб МСКга мурожаат қилди. Шуниси ажабланарлики, округ сайлов комиссияси 17 декабрь кунги йиғилишида аввалги қарорини бекор қилди. Янги қарорда З.Мўминов ташвиқот ишларини қонун доирасида олиб боргани, “Тадбиркор аёл” уюшмаси туман бўлими раисаси З.Баҳодирова номзоднинг Оҳангарондаги учрашувидан икки соат илгари алоҳида тадбир ўтказиб, фахрийларга хайрия ёрдами бергани таъкидланади.

З.Мўминов округ сайлов комиссиясининг биринчи қарорни рад этувчи иккинчи қарори зудлик билан МСКга етказилгани, шунга қарамай, сайловдан четлатилганини билдирди. Унинг айтишича, номзоди кўрсатилган ҳудудда халқ уни яхши танийди, ўзининг ғолиб бўлиш имконияти бошқаларникига нисбатан юқорироқ эди.

“Мени сайловдан четлатиш депутат бўлишимни истамайдиган рақибларим томонидан ташкил этилган”, - деди З.Мўминов.

МСК аъзоси Комилжон Одиловнинг билдиришича, З.Мўминовнинг ташвиқот жараёнидаги ноқонуний ҳаракатлари юзасидан бир неча мурожаат тушган. МСК аъзолари йиғилишда бу ишни ўрганиб чиқиб, кўпчилик овоз билан З.Мўминовни номзодлар рўйхатидан ўчиришга қарор қилган.

З.Мўминов ўзининг сайловдан ноқонуний равишда четлатилгани даъвоси билан Олий судга ариза билан мурожаат қилди.
XS
SM
MD
LG