Линклар

МСК сайлов қонуний ўтаётганини таъкидлаяпти


Тўлқин 26 декабрь куни соат 17 да Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясида сайловнинг дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда маълум қилинишича, сайловчилар рўйхатига киритилган 14 миллион 323 мингдан ортиқ сайловчидан соат 16.00 га қадар 10 миллион 283 мингдан зиёди овоз беришда иштирок этган. Бу жами сайловчиларнинг 71,8 фоизини ташкил этади.

МСК хулосасига кўра, сайлов қонун доирасида бўлиб ўтмоқда. Шу вақтгача МСКга сайлов қонунчилиги бузилгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот, ариза ва мурожаатлар келиб тушмаган.

Хўш, овоз бериш жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этган халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларнинг бу борадаги дастлабки хулосалари қандай?

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа бир неча халқаро ташкилотлар ўз хулосасини 27 декабрда маълум қилишини билдирди.

МДҲ ижроия қўмитаси кузатувчилар гуруҳи вакили Валентин Никитиннинг сўзларига қараганда, албатта, Ўзбекистондаги сайлов мукаммалликдан йироқ. Аммо қонунлар секин-аста такомиллашиб боряпти. Масалан, сўнгги пайтларда мавжуд қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилиши оқибатида бугунги сайловда номзодларнинг кўплаб кузатувчилари иштирок этмоқда. Бу эса мамлакатнинг демократия йўлидан бораётганини кўрсатади.

ЕХҲТ кузатувчилари миссияси вакили Евгений Даинов 25 декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ташкилот Ўзбекистондаги сайловда кам сонли кузатувчилар билан иштирок этаётганини билдирган эди.

“Сайловда кам сонли миссия билан иштирок этилаётганининг ўзи ЕХҲТ Ўзбекистонда ҳаққоний, демократик ва эркин сайлов ўтказилиши учун тўла шароит йўқ, деган фикрда эканини билдиради”, - деган эди Е.Даинов.

Овоз бериш жараёнини Ўзбекистондаги мустақил кузатувчилар ҳам мониторинг қилиб борди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг таъкидлашича, мониторинг чоғида сайлов қонунчилиги қўпол равишда бузилганлиги фактлари аниқланган. Сайловчиларнинг ўз оиласининг бошқа аъзолари учун ҳам овоз бериши ҳолатлари жуда кўп кузатилган. Лекин сайлов ўтказишга мутасаддилар бу ҳуқуқбузарликларга бефарқ қараган. Сайлов участкаларидаги кузатувлар натижасида сайловга сайловчиларнинг 50 фоизи ҳам қатнашмагани маълум бўлган.

Гулистонлик мустақил кузатувчи Аъзамжон Фармоновнинг эътирофича, халқ депутатларга ишонмай қўйгани учун сайловга қатнашишни истамаётир.
XS
SM
MD
LG