Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Наманган: Мутасаддилар қонунбузарликларга эътибор қаратмаяпти


26 декабрь куни “Озодлик” мухбири Наманган шаҳридаги бир неча сайлов участкаларида бўлди.

26-Тўқимачи сайлов округининг 198-сайлов участкаси котибасининг айтишича, бу ҳудудда уч мингга яқин сайловчи бор. Эрталабки соат 8 гача, яъни сайлов бошлангандан икки соат ўтгунга қадар 150 сайловчи овоз берган. Бу мазкур ҳудуддаги барча сайловчиларнинг 5 фоизини ташкил этади.

Ушбу сайлов участкасидаги бир манзара эътиборни тортди. Яъни сайловга келаётган фуқароларнинг кўпчилиги участка ходимларидан кимга овоз бериш лозимлигини сўрарди.

Сайлов участкаларига келиб, овоз бермай кетаётган фуқаролар ҳам бўлди. Улардан бирининг айтишича, ҳар сафар шундай қилади. Чунки сайловда кимнинг ғалаба қозониши аввалдан белгиланган. Сайловчиларнинг кимга овоз бериши эса бу ўринда ҳеч қандай роль ўйнамайди.

Наманган шаҳридаги баъзи сайлов округларидан фуқаролар “Озодлик” мухбирига қўнғироқ қилиб, сайлов ўтаётган бўлишига қарамай, айрим номзодларнинг вакиллари қонунга хилоф равишда ташвиқот билан шуғулланаётганини маълум қилди.

Шаҳардаги 242-сайлов участкасидан қўнғироқ қилган сайловчининг айтишича, газ корхонаси ходимлари ўз бошлиқлари Нусратилла Раҳматуллаевга овоз беришга чақирмоқда. Улар бошлиғига овоз берилса, газ босими кўтарилишини ваъда бераётир.

Мустақил кузатувчи Ғофур Тошпўлатовнинг таъкидлашича, сайлов олдидан Наманган шаҳрида газ босими кўтарилган, коммунал тўловларни тўлашни сўраб, ҳар куни келадиганлар икки ҳафтадан буён уйма-уй юрмай қўйган.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманилик кекса ўқитувчи Маъруф Тешабоев туман ҳудудида сайлов фожеа билан бошланганини маълум қилди.

“Тошлоқ шаҳарчасида фуқаролар сайловга чиққан бир пайтда Фарғона йўли чорраҳасида фаррош аёлни машина уриб ўлдирган. Машина эса воқеа жойидан ғойиб бўлган. Эрталаб сайлов участкаларига одамлар кўп келгани йўқ. Лекин битта оиладан бир киши вакил сифатида келиб, оиланинг бошқа аъзолари учун ҳам овоз бергани кузатилди. Бунга мутасаддилар қаршилик қилмади. Чунки улар сайловда қатнашган фуқаролар сони кўп бўлишидан манфаатдор. 13-Янгийўл сайлов округи ҳокимлар сайланадиган округ бўлиб қолди. Ўтган сайловда ҳам собиқ ҳоким Сотиволди Мирзаев якка ўзи, муқобилсиз шу округдан сайланган эди. Янги ҳокимимиз Холмат Комилов ҳам шу округдан номзодини қўйган. Бошқа номзодлар эса ўз номзодини қайтариб олган”, - деди М.Тешабоев.
XS
SM
MD
LG