Линклар

logo-print

Қашқадарё: сайловчилар рўйхати чала тузилган


Фирдавс Қашқадарё вилоятида 1 миллион 226 минг сайловчи рўйхатга олинган. 724 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Вилоят сайлов комиссияси маълумотларига қараганда, соат 16 га қадар сайловчиларнинг 75,3 фоизи овоз бериб бўлган. Шу вақтга қадар 42 сайлов участкасида барча сайловчилар ўз сайлаш ҳуқуқидан фойдаланган.

Кузатувчиларнинг маълум қилишича, вилоятда сайлов жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилган. Хусусан, Қарши шаҳри кенгаши депутатлигига сайлов ўтказувчи 13-сайлов округида, маҳаллий кузатувчи Нодир Аҳадовнинг айтишича, бир киши бир неча бюллетень бўйича овоз бергани ҳолатлари бўлган. Сайлов комиссияси аъзолари эса бу ҳолатга бефарқ қараб, кузатувчиларнинг эътирозларини инобатга олмаётир.

Кузатувчилар сайловчилар рўйхати камчиликлар билан тузилганини таъкидламоқда. Уларнинг билдиришича, биргина Қарши шаҳридаги 104-сайлов округига қарашли 18-сайлов участкасида сайлов жараёнида 100 га яқин сайловчининг рўйхатга кирмай қолгани маълум бўлган.

Мазкур участка сайлов комиссияси раисаси Зебо Боймирзаеванинг сўзларига кўра, рўйхат тузиш жараёни пахта йиғим-терим мавсумига тўғри келгани учун шундай камчиликларга йўл қўйилган.

Вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 3-Университет сайлов округининг 20-сайлов участкасида, маҳаллий кузатувчилардан бирининг эътирофича, Қарши шаҳрида рўйхатга турмайдиган шахсларнинг сайловда қатнашгани фактлари аниқланган.

Вилоят сайлов комиссияси аъзолари ҳозирча қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG