Линклар

И.Каримов: “Бжезинскийнинг башоратларини эътиборсиз қолдирмаслик керак”


Шайбон Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳридаги 11-Тўқимачи сайлов округига қарашли 644-сайлов участкасида овоз берди.

Табиийки, бу ерда ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилди. Фуқаро кийимидаги хавфсизлик хизмати ходимининг сўзларига қараганда, бу ерда хавфсизликни таъминлаш учун 200 га яқин милиция ходими ва Президент хавфсизлик хизмати вакиллари жалб этилган.

Мазкур сайлов участкаси комиссияси раиси Аҳмаджон Тўлаганов бу ерда 2013 сайловчи рўйхатга олинганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири Президент келишини икки соатга яқин кутди. Бу вақт оралиғида баъзи сайловчилар билан суҳбатлашиш имкониятига ҳам эга бўлди. Сайловчилар бу округдан номзоди кўрсатилган шахсларни танимаслигини билдирди.

Кўрмаган, билмаган одамингизга қандай қилиб овоз бердингиз, деган саволга улар жавоб қайтаришни истамади.

Маълум бўлишича, бу сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутатлигига “Адолат” партиясидан Гавҳар Отабекова, Либерал демократик партиядан Дилором Маҳмадалиева, “Миллий тикланиш” партиясидан Олим Ўсаров, Халқ демократик партиясидан Абдуғаффор Қирғизбоевнинг номзоди қўйилган.

Президент Ислом Каримов овоз бериб чиққан пайтгача сайловчиларнинг уч юзга яқини ўз сайлов ҳуқуқидан фойдалангани маълум қилинди.

Президент бу ерда тўпланган журналистлар билан мулоқотда бўлди. У Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакилларини танқид қилди. Бунга Россиядаги “Независимая газета” мухбири Виктория Панфилованинг Украинадаги сайлов анча жўшқин ва шов-шувли ўтаётгани, лекин Ўзбекистондаги сайлов анча тинч ўтаётганидан қойил қолаётгани ҳақидаги луқмаси сабаб бўлди.

Президентнинг сўзларига қараганда, сайловда ўткир чиқишлар, кескин ҳис-ҳаяжонга тўла мулоҳазалар, тўқнашувлар бўлмаётгани, яъни примитив курашлар йўқлигидан ЕХҲТ кузатувчилари таажжубланган. Бундан ҳолатларни Европа ва Осиёнинг баъзи давлатларига кузатган ЕХҲТ вакиллари Ўзбекистон халқининг менталитетидан бехабар.

Аслида, Президентнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам сайлов атрофидаги курашлар кескин ва муросасиз кечмоқда, лекин улар юзага чиқарилаётгани йўқ.

Президентга ЕХҲТ томонидан Ўзбекистонда ўтган сайлов тўғрисида тайёрланадиган ҳисобот қандай бўлиши мумкинлиги тўғрисида савол берилди.

“АҚШда бўлиб ўтган сайлов давомида ЕХҲТга нисбатан мутлақо эътиборсиз бўлинди. Бу борада АҚШ расмийлари Ўзбекистон расмийларига яхши намуна кўрсатди. Яхши ёки ёмон намуна экани иккинчи масала. Аммо ЕХХТ кузатувчилари Америкадаги айрим сайлов участкаларига киритилмагани, менимча яхши намуна эмас. Сайловни нечоғли танқид қилиш ЕХҲТнинг ўз иши ва унинг хулосаси ҳал қилувчи бўлади, деб ўйламаслик керак. Бу бор-йўғи Европадаги нуфузли ташкилотлардан бирининг баҳосидир. Биз бу баҳога ҳурмат билан қараймиз”, - деди Ислом Каримов.

Мулоқот чоғида Президент мамлакатдаги мухолифатдаги партиялар ва уларнинг етакчилари хусусида ҳам ўз муносабатини билдирди. У ЕХҲТ томонидан мухолифатдаги партиялар сифатида кўрсатилаётган айрим ташкилотлар аслида бундай мақомга лойиқ эмаслиги айтди. И.Каримовнинг фикрича, ЕХҲТ назарда тутаётган “Бирлик” партияси аллақачон ўз обрўсини йўқотган ва Ўзбекистонда уни ҳеч ким (жамиятнинг энг илғор қатлами) қўллаб-қувватламайди.

“Мухолифат вакилларидан бири бўлмиш Солиҳнинг (“Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ) ўғли толиблар бошқарувидаги Афғонистон мактабларида таълим олган. Шу жумладан, жангарилар жиддий таълим олган Пешовар ва бошқа марказларда бўлган. Айтингчи, шундан сўнг уни демократ, дейиш мумкинми? Тошкент портлашларига алоқадор булган шахсларни демократ, дейиш мумкинми? Менга зиён етмаганини билгач, Солиҳ анча аччиқлангани ҳам бор гап”, - деди Президент.

Ўзбекистон раҳбари “Озод деҳқонлар” партияси хусусида ҳам тўхталди.

“Озод деҳқонлар” партиясини рўйхатдан ўтказмаётганимиз ҳақида гапиришди. Бу қандай партияки, ўз сафига 50 одамни йиға олмаса! Партия раисаси қилиб мен ҳеч қачон кўрмаган бир аёлни танлашибди. Қанақангидир Ҳидоятова деган аёл партия етакчиси эмиш. У ҳатто ўзбекча гапиришни билмайди. Деҳқонларимиз қишлоқларда яшайди ва Ўзбекистон шароитида деҳқонлар ўзга тилда гаплаша олмайди, улар ўзбекчада гаплашади. Қандай қилиб ўзбекча билмаган аёл партияни бошқариши мумкин”, - деди И.Каримов.

Президент журналистларга мухолифатни инкор этилганлар орасидан эмас, ёшлар ичидан қидиришни маслаҳат берди.

Таниқли сиёсатчи Збигнев Бжезинский собиқ иттифоқ республикаларида Грузиядаги каби инқилоб рўй беришини башорат қилган эди. Шунинг учун журналистларни И.Каримовнинг мана шундай башоратларга муносабати қизиқтирди.

Президентнинг эътирофича, З. Бжезинский бошқалар англамаётган ёки тўлиқ ҳис этмаётган жиҳатларни нозик тушуниб етади. У бу шахсга қойил қолади ва унинг барча қарашларини таҳлилий кузатиб боради. З.Бжезинский ҳеч нарсани бекорга гапирмайди ва бу башоратларни эътиборсиз қолдириш керак эмас.
XS
SM
MD
LG