Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:33

Афғон мусибати бошланганига 25 йил тўлди


Тўлқин Бундан 25 йил муқаддам, 1979 йил 27 декабрда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирган эди. Қарийб 10 йил давом этган бу урушда минглаб фуқаролар, шунингдек, ўзбекистонликлар ҳам қурбон бўлганди.

Ўшанда Афғонистон Демократик Республикасида ҳукумат Ҳафизулла Амин қўлида бўлиб, мамлакатда социалистик тузум ҳукмрон эди. 27 декабрь куни Ҳ.Аминнинг Кобулдаги Дориломон қасри СССР Давлат хавфсизлиги қўмитасининг (КГБ) махсус бўлинмаси томонидан ишғол этилди. Амин саройидаги тўнтаришдан кейин Бабрак Кармал Душанбе радиосидан ҳукумат унинг қўлига ўтганини эълон қилди. Шундан кейин Афғонистонга совет қўшинлари киритилди.

Айни пайтда нафақада бўлган офицер Ҳошимбек Ирисбоевнинг хотирлашича, афғон тупроғига бостириб кирган биринчи совет ҳарбийлари, асосан, Туркистон ҳарбий округида хизмат қилаётган маҳаллий халқ вакиллари – ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар ва қозоқлар эди. Улар Тошкент яқинидаги ҳарбий аэродромдан самолётларда тўғридан-тўғри Кобулга ташланган. Лекин улар жангларда фаол қатнашмаган. Чунки бу халқлар Афғонистонда яшовчи бошқа миллатлар билан анча яқин эди. Буни ҳис қилган СССР Мудофаа вазирлиги секин-асталик билан дастлабки бўлинмаларни Афғонистондан олиб чиқиб, ўрнига Европа миллатига мансуб жангчилардан иборат қисмларни кирита бошлаган.

Қарийб 10 йил давом этган афғон урушида Ўзбекистондан 65 мингдан зиёд жангчи қатнашган. Уларнинг 5 мингдан ортиғи ногирон бўлиб қайтди. 1522 жангчи қурбон бўлди. Ногирон бўлиб қайтгандан сўнг вафот этганлар сони эса 3 мингдан ошиб кетди.

Байналмилал жангчилардан бирининг сўзларига қараганда, Афғонистондан ногирон бўлиб қайтганлар ҳар ярим йилда бир марта шифохонада соғлиғини тиклаб туриши керак. Лекин ҳозир иқтисодий аҳвол оғирлиги боис уларнинг аксарияти бу имкониятдан фойдаланишга қодир эмас.
XS
SM
MD
LG