Линклар

Қашқадарёда электрлаштирилмаган қишлоқ бор


Фирдавс Расмий маълумотларда Ўзбекистонда қишлоқларни электрлаштириш 20-асрнинг 90-йилларида ниҳоясига етгани айтилади. Лекин, маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Қўшқудуқ қишлоғи 21-асрда ҳам электрлаштирилмаган.

Бу қишлоқ пайдо бўлганига 35 йил бўлган. Шу ерда яшовчи Ҳамроқул ота Холмирзаевнинг сўзларига қараганда, 1969 йилда қишлоқда тўрт хонадон бор эди. Айни пайтда бу ерда 25 хонадон мавжуд. Қишлоқ аҳли чорвачилик билан шуғулланади. Лекин қишлоққа шу вақтгача электр энергияси келмаган. Аҳоли радио, телевизордан фойдаланмайди.

Ўзини Эрниёз деб таништирган суҳбатдошнинг таъкидлашича, қишлоқ электрлаштирилмагани ҳақида анча йиллардан буён турли идораларга шикоят қилиб келинади. Ҳатто бу ҳақда Президентга ҳам ёзилган. Бу шикоятлар текширилиши ва қониқтирилиши ҳақида турли идоралардан жавоблар келган. Аммо шу вақтгача бирорта амалий иш қилингани йўқ.

Қўшқудуқ атрофида Қамаши, Деҳқонобод ва Ғузор туманларининг бир неча қишлоқлари бор. Бу қишлоқлар орасидаги масофа унчалик узоқ эмас. Қўшқудуқлик болалар Ғузор тумани халқ таълими бўлимига қарашли “Ўзбекистон” номли ўрта мактабнинг қишлоқдаги бир хонадан иборат филиалида 4-синфгача таълим олади. 4-синфдан кейин уларнинг қаерда ўқиши эса ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Қишлоқ аҳли давлатнинг чорвасини боқади. Шунинг учун ўзларини давлатнинг одами деб билади. Лекин улар давлат ўз одамларини нега бундай аҳволда ташлаб қўйганини тушунмаслигини айтади.
XS
SM
MD
LG