Линклар

Н.Ҳидоятова Президентга жавоб беради


Шайбон 26 декабрь кунги сайловда 11-Тўқимачи сайлов округига қарашли 644-сайлов участкасида овоз берган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу ерда журналистлар билан учрашув чоғида мухолифатдаги партиялар ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини билдирган эди.

Хусусан, Президент “Озод деҳқонлар” партиясини танқид қилиб, бу партия ўз сафига ҳатто 50 кишини ҳам жалб эта олмагани ҳақида гапирганди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова давлат раҳбарининг бу сўзларга жавоб берар экан: “Қизиқ, ҳужжатларимиз Адлия вазирлигида ўрганиб чиқилмаган экан, Президент аъзоларимиз сони ҳақида қаёқдан билсин!? Аслида партиямиз аъзолари сони 30 минг атрофида ва уларнинг асосини энг фаол шахслар ташкил этади”, - деди.

Президент мулоқот чоғида Н.Ҳидоятовани “кетмон нималигини билмайдиган аёл” сифатида таърифлади.

“Бу унинг виждонига ҳавола. У мени деярли билмайди. Аммо мен ёлғонни ҳақиқатдан ажрата оламан. Президент томонидан айтилаётган ёлғонни деҳқонларнинг самимиятидан ажрата биламан. Мен ўзимни оқлашга уринмайман ҳам. Мен бир нарсани биламанки, халқ уйғонмоқда, шубҳа йўқки, қачонлардир бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади. Халқимиз ўз эркинлигига эришади”, - деди Президентнинг айтганига жавобан Н.Ҳидоятова.

Президентнинг: “Мухолифат инкор этилган одамлардан иборат”, деган фикрига жавоб қайтарар экан, Н.Ҳидоятова ҳукуматнинг ўзи инкор этилганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳукумат бугун бир гуруҳ ўзбошимчалар тўдасини эслатади. Халқ эса бу тўдага ишонмай қўйган.
XS
SM
MD
LG