Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

МДҲ ва ЕХҲТнинг хулосалари ҳар хил бўлди


27 декабрь куни МДҲ ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайловига ўз баҳоларини эълон қилди.

МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Владимир Рушайло сўзларига қараганда, Ўзбекистондаги сайлов ва унга тайёргарлик жараёнини Ҳамдўстлик давлатларидан бўлган 78 кузатувчи кузатиб борган. Сайловга тайёргарлик очиқ ва ошкора олиб борилган. Сайловолди ташвиқот ишларида ҳам барча партиялар ва ташаббус гуруҳлари номзодларига тенг имконият яратиб берилган.

“МДҲ кузатувчилари сайловолди курашлари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги доирасида тўғри, қора технологиядан фойдаланмаган ҳолда олиб борилганини қайд этади. Вакилларимиз мавжуд 120 та сайлов округининг 113 тасида кузатув олиб борди. Биз сайловчиларнинг фаоллиги жуда юқори бўлганини қайд этамиз”, - деди В.Рушайло.

В.Рушайлонинг таъкидлашича, МДҲ кузатувчилари овоз бериш жараёнида айрим майда қонунбузарликлар бўлганини аниқлаган. Масалан, баъзи сайлов участкаларида бюллетенлар ташланадиган қутилар кузатувчилар кўзидан пана жойда ўрнатилгани маълум бўлган. Бир кишининг оила аъзолари номидан ҳам овоз бергани ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, техник характердаги бошқа камчиликлар ҳам кузатилган.

В.Рушайло бу камчиликлар аҳамиятсиз экани ва ўша жойда бартараф этилганини билдирди.

“МДҲ кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига 26 декабрда ўтказилган сайлов Ўзбекистон сайлов қонунчилиги меъёрлари доирасида бўлганини таъкидлаб, сайловнинг қонуний, эркин ва ошкора ўтказилганини тан олади”, - деди В.Рушайло.

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида В.Рушайлонинг сайлов тўғрисида айтганларини “ёлғондан бошқа нарса эмас”, дея баҳолади.

“Жаноб Рушайло сайлов Ўзбекистон қонунчилиги доирасида ўтганини таъкидлади, аммо бу сайлов халқаро ёки демократик меъёрларга тўғри келиш-келмаслиги ҳақида гапирмади. Аввало, Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг ўзи халқаро стандартлар ва меъёрларга тўғри келмайди. Шунинг учун бу сайлов эркин бўла олмайди”, - деди И.Худойберганов.

И.Худойбергановнинг фикрича, Ўзбекистонда сайлов эмас, балки овоз бериш жараёни бўлиб ўтган. Бу эса бир-биридан бутунлай фарқ қилувчи жараёнлардир.

ЕХҲТнинг чекланган сонли кузатувчилари миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловга берган хулосаси МДҲ кузатувчилариникидан анча-мунча фарқли бўлди.

Миссия хулосасида айтилишича, сайлов ЕХҲТга доир мажбуриятлар ва демократик сайловларга оид бошқа халқаро стандартлар талабига жавоб бермаган.

ЕХҲТ миссияси раҳбари Любомир Копайнинг билдиришича, турли ҳокимият органлари плюралистик, рақобатли ва ошкора сайловни таъминлашнинг уддасидан чиқа олмаган.

Хулосада келтирилишича, расман тан олиниш учун ҳаракат қилган уч сиёсий партия ҳукумат идоралари томонидан охирги 12 ой мобайнида рўйхатга олинмаган. Натижада бу партиялар ва ташаббус гуруҳлари орқали номзоди кўрсатилганларнинг учдан икки қисми сайловда иштирок эта олмаган.

Миссия ўз кузатувлари натижалари, жумладан, ўз тавсияларини тахминан бир ойдан сўнг тайёрланадиган якуний ҳисоботда кўрсатиб ўтади.
XS
SM
MD
LG