Линклар

logo-print

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтаётган йилда “Озодлик” радиоси “4-ҳокимият” рукнида берилган марказий газеталар шарҳида қуйидаги муҳим мақолаларга тўхталган эди.

“Миллий тикланиш” газетасининг 19 февраль сонида Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Сойбўйи қишлоғилик Нурбек Раҳимнинг “Туман газетасининг харидори борми?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф вилоят матбуот тарқатиш шахобчаларида марказий нашрларнинг деярли учрамай қолаётгани муаммосини кўтарар экан, газеталарда ўқувчи кутаётган мавзуларнинг ёритилмаётганини тилга олганди.

“Ҳуррият” газетасининг 25 февраль сонида журналист Динора Дўлтаеванинг “Матбуот котиби: мансабми ё масъулият” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда турли вазирлик, ташкилот ва муассасалар матбуот котибларининг маълумот сўраб борган журналистга керакли ахборотни тақдим этмаслик иллати ҳақида сўз юритилганди.

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 13 апрель сонида журналистлар Холмурод Қурбонов ва Манзура Бекжонованинг “Аёлнинг жони қирқта…ми?” сарлавҳали мақоласи босилди. Муаллифлар ўзбек аёлларининг рўзғор тебратиш мақсадида юртма-юрт сарсон бўлиб юргани муаммосига тўхталар экан, гўё қирқ эмас, минг жони бордек, деган хулосага келганди.

“Моҳият” газетасининг 22 октябрь кунги сонида пойтахт бозорларида милиция ходимларининг ўзбошимчалиги ҳақида сўз юритилди. Бу ҳақдаги мақола ушбу ўзбошимчалик қурбони томонидан ёзилгани билан долзарб аҳамият касб этганди.

“Адвокат пресс” газетасининг 14 октябрь сонида Бахтиёр Шоҳназаровнинг “Энг муҳими - халқ дипломатияси” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Қирғизистон парламентида Ўзбекистонга қарашли Шоҳимардон анклави хусусида айтилаётган даъволарга ўз эътирозини билдирди.

Ҳуқуқшунос Гулиза Мирзаева ва журналист Маруса Ҳосилованинг “Моҳият” газетасининг 29 октябрь сонида чоп этилган “Мени сотманг, она!” сарлавҳали мақоласида мамлакатдаги болалар савдоси муаммоси кўтарилди. Шу билан бирга, газетада Дамин Жумақуловнинг “Лаззат ортидаги изтироб” ҳамда “Ишонч лаззати ва аччиқ ҳақиқат” сарлавҳали мақолалари эълон қилинган эди. Уларда муаллиф Ўзбекистонда ривож топаётган гиёҳвандлик ва фоҳишалик иллатлари, одам савдоси муаммосига кенг тўхталганди.

Ўзбекистон газеталарининг бу йилги сўнгги шарҳида Бахтиёр Шоҳназаровнинг “Адвокат пресс” газетасида чоп этилган “Тўғри гап туққанинга ёқмас” сарлавҳали мақоласигагина тўхталиб ўтиш жоиз топилди. Мақолада қуйидаги сўзлар бор:“Мен матбуотда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларига доир жуда кўп асосли таклифлар билан чиққанман, кези келганда судларни тарғиб ҳам, танқид ҳам қилганман. Айрим кишилар “судларни танқид қилишдан қўрқмайсизми, ўзингизга бирон кор-ҳол бўлмасин, эҳтиёт бўлинг” дейишади. Мен Президентимиз кафил бўлган Конституциямиз ва қонунларимиз асосида ҳаракат қиламан. Ҳақиқат, албатта, ғалаба қозонишига ишонаман! Бундай ишонч йўқолган жамиятнинг келажаги буюк бўлолмайди”.
XS
SM
MD
LG