Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуот кучли назорат қилинадиган мамлакатлар рўйхатида етакчилар қаторида


Феруза “Интерньюс” ташкилотининг жорий йил олти ойи мобайнида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бўйича олиб борган мониторингларида журналистлар профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича 26 та, зарур маълумотларни тақдим этмаслик бўйича 42 та, уларга таҳдид қилиш бўйича 5 та, асоссиз ҳибсга олиш бўйича 3 та, мақола ёки кўрсатувларни саҳифадан ва эфирдан олиб ташлаш ҳамда цензура қилиш бўйича 4 тадан, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши бўйича 7 та ҳолат қайд этилди.

Шу ўринда Ўзбекистонда ОАВ ва сўз эркинлиги вазияти бўйича халқаро ва хорижий ташкилотларнинг баъзи мулоҳазаларига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.

АҚШ Давлат департаментининг дунёда инсон ҳуқуқларига оид вазият хусусидаги ҳисоботида Ўзбекистондаги барча турдаги ОАВ га тазйиқлар ўтказилиши таъкидланган эди.

“Freedom house” ташкилоти экспертлари, жумладан, Нью-Мексика университети профессори Грегори Глизоннинг фикрича, Ўзбекистонда ОАВ устидан кучли назорат ўрнатилган. Бу назорат, айниқса, ҳар йили газеталарни қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни орқали янада кенгроқ қўлланилади.

Шунингдек, ўтаётган йилда “Айрекс” ташкилотининг Ўзбекистондаги ОАВ бўйича кузатишлари ҳам эълон қилинди. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон ОАВга яратилган шароит бўйича дунёда энг паст ўринлардан бирини эгаллайди.

2004 йилда “Цензура индекси” ташкилоти, Россия экстремал журналистика маркази, “Чегара билмас репортёрлар”, “Ҳьюман райтс уотч” каби ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ОАВ га оид бир қанча кузатишлари натижалари эълон қилинди. Уларнинг барчасида мамлакатдаги маҳаллий журналистларнинг аҳолини қизиқтирадиган мавзуларни ёритиш имконияти чеклангани, ички сиёсат ва ижтимоий аҳвол ҳақидаги ҳар қандай танқидий чиқишлар ҳукумат томонидан беэътибор қолдирилмаслиги билдирилганди.

2004 йилда “Артикль–19” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистондаги ОАВга оид уч қонунни таҳлил қилди. Ташкилот эълон қилган меморандумда ёзилишича, Ўзбекистондаги “Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ва “ОАВ тўғрисида”ги қонунлар тезда ислоҳ қилишни талаб этадиган ҳужжатлардир. Чунки улар халқаро меъёрлар асосида ҳимояланган сўз эркинлиги имкониятларини чеклашга хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG