Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:17

Андижонликлар сайлов “нонхўр”ларни кўпайтиришини айтмоқда


Турғунбек “Озодлик” мухбири Андижон вилоятида ўтказилган сайловни кузатиб борган бир неча кишилар билан суҳбатлашди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилором Абдиеванинг сўзларига қараганда, Булоқбоши туманидаги сайлов участкаларида бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз бергани ҳолатлари кўп кузатилган. Масалан, Ҳусанжон Мансурқулов исмли фуқаро ҳам хотини, ҳам ўғли учун овоз берган. Тумандаги 1-мактабда жойлашган сайлов участкасида ўтказилган кузатувчилар натижасида Қумгузар кўчасида яшовчи Зиёвуддин Аҳмедов беш киши, Раҳимов кўчасида яшовчи Гулниса Турдиева бутун оила аъзолари учун овоз бергани аниқланган.

Олтинкўллик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Садирохун Сўфиев оиласидаги 9 киши учун овоз берганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, у бюллетенларни олаётган вақтда сайлов комиссияси аъзолари бирор кишининг паспортини сўрамаган.

“Агар қонундагидек ҳамма паспорти билан сайловга бориши талаб қилинса, сайлов бузилади. Чунки одамлар сайловга бормай қўяди. Бир кишига 5-6 бюллетень бериш сайлов комиссиясининг манфаатларига мос келади. Шунинг учун улар қонун бузилишларига панжа орасидан қараяпти”, - деди С.Сўфиев.

Суҳбатдошларнинг айтишича, сайловга кам бўлса-да, одамлар келяпти. Лекин улар ўз хоҳиши билан эмас, қўрқув асосида сайловда қатнашмоқда. Чунки улар ўзлари “ваҳҳобий” ва “террорчи”лар рўйхатига тушиб қолишдан чўчийди, ҳокимиятнинг сайловда қатнашмаганларга бирор чора қўллашидан ҳайиқади.

“Озодлик” мухбири Андижон шаҳрининг 5-кичик даҳасидаги 41-мактабда жойлашган 2-Ўзбекистон сайлов участкасига борганида йўлакларга гуллар қўйилиб, янги гиламлар тўшалганига гувоҳ бўлди. Лекин сайлов бюллетенини тўлдириб, ортга қайтаётганида гул ва гиламлар йиғиштириб олинаётган эди. Бунинг сабаби сўралганда сайлов участкаси ходимлари шаҳар ҳокими Абдуллажон Собиров келиб кетгани, шунинг учун гиламлар йиғиштириб олинаётганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири шаҳарнинг Янгибозор ҳудудидаги 2-Темирйўлчилар сайлов участкаси эшиги олдида эрталаб 7 дан бошлаб қарийб бир соат мобайнида туриб, уч мингга яқин сайловчидан бор-йўғи 8 киши овоз беришга келганини кузатди.

Аҳолининг бу қадар бефарқлигини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровларда улар маҳаллаларда газ ва чироқ йўқлиги, шунинг учун сайловда қатнашишни истамаслиги маълум бўлди.

“Сайлов бизга бирор нарса берса экан, унда қатнашсак. Яна битта нонхўр кўпаяди, холос. Сайлов ўтказишдан олдин одамлар тўғрисида ўйлаш керак эди. Улар яна сурбетларча фуқаролардан овоз беришда қатнашишни сўраяпти”, - деди баъзи суҳбатдошлар.
XS
SM
MD
LG