Линклар

Сайловчилар фаоллиги жуда суст бўлди

  • Садриддин Ашур

26 декабрь куни Ўзбекистонда сайлов ўтаётган пайтда “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги студиясига таклиф этилган сиёсатшунослар Баҳодир Мусаев ва Комрон Алиев, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов, ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров бу жараённи кузатиб борди.

Савол: Сайловни кузатиб боряпсизлар. Ундаги фаолликка қандай баҳо берасиз?

К.Алиев: Сайлов жуда паст фаолликда ўтмоқда. Сайловгача ўтказилган пикетлар, норозилик чиқишлари ва мурожаатларда мазкур тадбирни бойкот қилишга чақириқлар янграган эди.

С.Икромов: Сайловчилар бу жараёнга бефарқ қараётгани масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, сайлов участкалари вакиллари ҳам сайловга масъулият билан ёндашмагани кўриниб қолмоқда. Масалан, кўпчилик фуқаролар сайловга таклиф қоғозлари олмагани аён бўляпти. Фақат биргина мен яшайдиган кўп қаватли уйдаги бир неча фуқарога таклиф қоғози келмаганига гувоҳ бўлдим. Шахсан ўзимга ҳам таклиф қоғози юборилмади.

Б.Мусаев: Ўзимнинг ҳаётимдан қиёс қилиб айтаманки, собиқ иттифоқ даврида ҳам, ҳозир ҳам адолатли сайловлар ўтказилмаган. Бугун ҳам навбатдаги спектакль ўйналди. Бу спектаклнинг сценарийси аллақачон ёзилган. Унда қатнашаётган сайловчилар эса фақат статистика учун керак. Бу сайловчиларнинг аксарияти бугун кимга овоз бераётганини ҳам билмайди.

Савол: Нега одамлар сайловга қизиқиш билдирмаётир? Бунинг сабаби нимада?

С.Икромов: Ўтган 13 йил давомида бизнинг фуқароларимиз ҳамма нарсадан толиқди. Улар ҳеч кимга ишонмайди. Ташкилотимиз бир неча сайлов участкасида мониторинг ўтказди. Кўп участкаларда, ҳатто кўчаларда ҳам сукунат. Бир қари киши: “Бу мотамга ўхшаган сайлов бўлди-ку”, деди. Одамларда хоҳиш, ишонч йўқ. Назаримда бугунги сайловга жуда кам сайловчи иштирок этмоқда.

К.Алиев: Бугун соат 11 да Яккасарой туманидаги (Тошкент шаҳри) 436-сайлов участкасида овоз бергани борган йигит билан гаплашдим. У учинчи бўлиб овоз беришда қатнашганини айтди. Бу соат 11 даги гап. Шунинг ўзи сайловчилар сайловга суст иштирок этаётганидан дарак беради. Шунга қарамай, Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари соат 12 га қадар одамлар жуда фаол экани, сайловчиларнинг 46 фоизи овоз бериб бўлганини эълон қилди. Бу кўпчиликда шубҳа уйғотгани табиий.

Б.Мусаев: Агар (бу сустликка) умумий баҳо берадиган бўлсак, одамлар шунчаки ҳокимиятга ишонмай, қўл силтаб қўймоқда. Улар энди ҳеч кимга ишонмайди. Чунки улар бир неча бор депутат сайлаб кўрган. Сайлангунча қоп-қоп ваъдалар бериб, депутат бўлиб улгургач, халқ уларнинг эсидан чиқиб кетганини унутгани йўқ. Халқ ўтган 13 йил давомида бунга тўла ишонч ҳосил қилди.

Савол: Сайлов бюллетенларида “ҳаммага қарши” банди йўқлигига қандай муносабат билдирасиз?

К.Алиев: Бу галги сайловнинг аввалгиларидан фарқи бор. Аввалги сайловларда фуқароларнинг ҳаммага қарши овоз бериш ҳуқуқи сақланган эди. Лекин бугунги сайловда бу ҳуқуқ чекланди. Агар бюллетендаги барча исм-фамилияларни ўчириб ташласангиз, бу бюллетень бузилган ҳисобланади. Яъни сиз, албатта, кимгадир овоз беришга мажбурсиз.

Савол: Бу масаланинг ҳуқуқий томони қандай?

Б.Шоҳназаров: Ҳар бир бюллетенда номзодни ёқлаш ёки ёқламаслик ҳуқуқи сақланиши керак эди. Барча номзодларнинг исм-фамилияларидан кейин “ҳаммага қарши” банди киритилиши зарур эди. Ҳозирги сайлов бюллетенида сиз танлаган номзод қаршисига ишорат қўйиш керак. Аслида ўзингиз қарши бўлган номзодларни чизиб ташлашингиз тўғрироқ бўлади. Демократик давлатларда шундай тизим қўлланилади. Ҳали сайловда бюллетенни сохталаштириш фактлари ҳам чиқиб қолиши мумкин. Чунки бюллетенни сохталаштириш учун яна бир номзод қаршисига ишорат қўйиш кифоя қилади.

Савол: Кўпчилик давлатларда сайловда сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғи қатнашса, у ўтган ҳисобланади. Ўзбекистонда эса бу чегара 33 фоизга туширилди. Бу фуқаролар сайловга суст қатнашиши олдинган сезилган ҳолда қўлланилган чора, деб ўйлайсизми?

К.Алиев: Чегаранинг 33 фоиз этиб белгиланиши сайловни ташкил этаётган кишиларнинг ўзи ҳам халқнинг сайловга чиқишига ишонмаганидан далолат беради. Шу билан бирга, бу ҳолат Ўзбекистон раҳбариятини сайловчилардан 67 фоизининг фикри қизиқтирмаслигини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG