Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:27

Талабалар ётоқхоналардан мажбурлаб сайлов участкаларига олиб келинди


Озодбек Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети маданият саройида жойлашган 285-сайлов участкаси Собир Раҳимов туманидаги Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 4-Қорақамиш сайлов округига қарашлидир.

Мазкур ҳудудда Талабалар шаҳарчаси жойлашган ва минглаб талабалар бу ердаги ётоқхоналарда истиқомат қилади.

26 декабрь куни эрта тонгдан талабалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб сайлов участкаси томон ошиқаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди. Овоз бериш хоналари ёнида, ҳатто, навбат ҳам вужудга келди.

Бироқ улар билан суҳбат чоғида маълум бўлдики, аксарият талабалар кимга ва нима учун овоз бераётганини ҳам билмайди. Улар бунинг сабабини сайловга қадар номзодлар билан учрашувлар кўп бўлмагани, ташвиқотга эътибор қаратилмагани билан изоҳлади.

Суҳбатдош талабалардан бири Халқ демократик партиясига мажбуран аъзо қилингани, шунинг учун унга овоз берганини таъкидлади. Унинг айтишича, сайлов бюллетенида “ҳаммага қарши” деган банд киритилмагани хато ишдир.

Баъзи талабаларнинг гувоҳлик беришича, эрта тонгдан ётоқхоналарга факультетлардан вакиллари келиб, уларни сайлов участкасига боришга мажбур қилган.

Талабалар бу ҳолатни ўз ҳуқуқларининг бузилиши ва ўзларига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолади.

Талабалар орасида сайловда иштирок этишни истамаётганлар ҳам учради.

Талабалар сайлов жараёнида кўплаб қонун бузилишларига йўл қўйилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG