Линклар

Хоразм: Бир киши бутун оила аъзолари учун овоз берди


“Озодлик” мухбири Хоразмнинг чекка ҳудудларида сайлов жараёни қандай кечаётганини ўрганиш мақсадида Хонқа туманининг Ал-Хоразмий номидаги ширкат хўжалигига йўл олди.

Бу ердаги 233-сайлов участкаси 24-ўрта мактаб биносида жойлашган. Сайловга ошиқаётган сайловчилар ўзларига маъқул номзодларга овоз беришини маълум қилди.

Бироқ ҳозиргина сайловда қатнашиб қайтаётган баъзи сайловчилар кимга овоз берганини ҳам эслай олмади.

Турмуш шароити оғир бўлган ширкат аъзолари сайлов натижасида ўз муаммолари ечилишидан умидвор эканини айтди.

29-Қоровул сайлов округи Урганч туманидаги Низомий номидаги мактаб биносида жойлашган. “Озодлик” мухбири бу ерда бўлганига бор-йўғи бир неча сайловчини учратди.

Сайлов участкаси ходимлари эрталаб жуда кўп одам келгани, тушгача сайловчиларнинг 80 фоизи овоз бериб улгурганини таъкидлади.

Сайловдан қайтаётган айрим фуқаролар ўзлари овоз беришни истаган, вилоят кенгаши депутатлигига “Миллий тикланиш” партиясидан номзоди кўрсатилган Рустам Раҳимовнинг исм-шарифи сайлов бюллетенидан ўчириб ташланганидан норозилик билдирди.

Маълум бўлишича, Р.Раҳимовнинг номзоди сайловга бир кун қолганда олиб ташланган.

Р.Раҳимов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда номзодини қайтариб олиш учун ўзига тазйиқ ва зуғум ўтказилганини билдирди.

“Номзодимни қайтариб олишга мажбур қилишди. Менинг сайловолди дастурим кўпчиликка ёқмаган эмиш. Кўпчилик кимлигини сўрасам, маҳаллий амалдорлар эканини айтишди”, деди Р.Раҳимов.

“Эрк” партиясининг Хоразм вилояти бўлими раиси Аминбой Қодировнинг сўзларига қараганда, овоз бериш жараёнида жуда кўп қонунбузарликлар кузатилган. Масалан, бир киши бутун оиласи аъзолари номидан овоз бергани ҳолати энг кўп кўзга ташланган.

Сайловчилар суҳбат чоғида Қорақалпоғистондаги овоз бериш жараёни Хоразмдагидан фарқ қилмагани маълум бўлди. Тўрткўллик савдогар аёлнинг таъкидлашича, Россия ва Қозоғистонга ишлашга кетган фуқаролар учун ҳам уларнинг оила аъзолари овоз берган.

Кузатувчилар бу йилги сайлов аввалгиларидан бир жиҳати билан фарқ қилганини айтмоқда. Яъни бу йил сайлов участкаларида мусиқа садолари эшитилмади, участкалар олдида савдо расталари ташкил этилмади.
XS
SM
MD
LG