Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:53

Ўзбекистондаги парламент сайловига марказий осиёлик сиёсатчилар, мухолифат вакилларининг муносабати


26 декабр куни Ўзбекистонда парламент қуйи палатасига бўлиб ўтган сайлов ҳақида халқаро жамоачтилик, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти муносабатларни ҳозиргина эшитдик. Шунингдек, Ўзбекистондаги сиёсатчилар, мухолифат вакиллари фикрлари билан ҳам таништириб ўтдик, азиз тингловчи. Эндиликда, Ўзбекистон ҳукуматининг яна бир бор ҳеч бир эътироссиз, ички қаршиликларсиз нолегитим сайловни ўтказишга муваффақ бўлиши сабаби ва нега ўзбекистонликлар ўз қонуний ҳаққини талаб қилишга заррача бўлса-да, уринмагани тўғрисида минтақа мутахассислари фикрига қулоқ тутамиз. Улар билан ҳамкасбим Нодира таништиради.

Ҳозиргина бошловчимиз эслатган саволлар билан Ўзбекистонга қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги сиёсатчилар, сиёсий партиялар вакиллари ва мухолифат фаолларига юзландик.

Дастлабки суҳбатдошимиз Ўзбекистон билан сиёсий аҳволи деярли бир хил кўриладиган Туркманистонлик сиёсатчи — ҳозирда мухожиратда бўлган элчи Худойберди Ўразов. Унинг фикрича, Ўзбекистонда яна бир сайловнинг ҳукумат фойдасига ҳал бўлгани сабаби мамлакатда одил сайлов учун демократик шарт-шароитнинг йўқлигида.
“Электоратнинг шаклланиши учун, энг аввало, демократик институтлар бўлиши лозим. Шарқ ва ғарб халқлари менталитети, уларнинг демократияга тайёрмаслиги каби мазмундаги фикрларнинг ҳаммаси ёлғон. Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ, эркин демократик фаолият таъқиқланган, мухолифатчилар ҳаракати тўхтатилган. Қандай қилиб одил сайлов бўлсин, бу вазиятда?”

Туркманистонлик сиёсатчи Худойберди Ўразов фикрича, бу вазиятда Марказий Осиё республикалари Украина ёки Грузиядаги воқеаларга эргашиш ҳам кутилган натижани олиб келмаслиги мумкин.

“Марказий Осиёдаги авторитар давлатларда ҳукмрон тузумни алмаштириш учун балки бошқа йўлларни топиш керакдир. Ҳозир гапириш жуда урф бўлган зарғалдоқ, лола инқилобларига олиб келадиган ҳаракатларнинг, айниқса, Туркманистон ва Ўзбекистонда бўлиши, жуда даргумон, менимча”.

Тожикистон Демократик партияси ҳамраиси Раҳматулло Валиев фикрича эса, ўзбекистонликларнинг яна бир сайловни бой бериши кутилган ҳол эди. Нафақат Ўзбекистон, барча собиқ совет республикалари аҳолисида марказдан бошқарув остида яшаш кўникмаси шаклланган, дейди Раҳматулло Валиев.

“Бу халқларда бундай кўникмани йўқотиш, ўз ҳаққи йўлида курашиш ҳиссини шакллантириш учун матбуот эркин бўлиши, демократик институтлар фаол ишлаши лозим. Афсуски, Ўзбекистонда сўз эркинлиги, фуқаролик жамиятининг энг бирламчи элементлари ҳам кузатилмайди”.

Микрофон тутганимиз навбатдаги сиёсатчи — Қозоғистон парламенти юқори палатаси — Сенат депутати Зауреш Баталова бўлди. Унинг фикрича, бундай вазиятларда, энг аввало, мухолифат вакиллари фаол бўлиши лозим. Ўзбекистон ҳукумати, минтақадаги энг қаттиққўл ва муросасиз ҳукумат. Бироқ, айни вақтда Ўзбекистон мухолифатида ҳам фаоллик сезилмаган, суҳбатдошимиз фикрича.

“Мухолифат кучлари ҳамиша ўз фаолиятини ривожлантириб бориши керак. Ўзбекистонлик мухолифатчилар ҳали кўп масалаларни пухта ишлаши лозимлигини кечаги сайлов яна бир марта кўрсатди. Қолаверса, Ўзбекистон мухолифати бу сайловлар учун ўзининг муносиб, деб билган етакчиларини ҳам яққол кўрсата олмади”.

Зауреш Баталова фикрича, мухолифат кучларининг қўшни республикалар билан алоқаларида ҳам фаоллик кузатилмайди.

Яна бир қозоғистонлик сиёсатчи Азимбой Ғали кечаги сайлов Ўзбекистонда ҳукумати яна ўзгаришсиз қолишини кўрсатмоқда, деб фикр билдирди. Унинг таъкидича, эндиликда бу яхши натижага олиб келмаслиги мумкин.

“Мен йилда икки марта Ўзбекистонда бўламан ва у ердаги вазиятдан дилим оғрийди, тўғриси. Ўзбеклар жуда сабрли халқ, аммо, бу кетишда бир жиддий портлаш бўлиши аниқ, назаримда. Чунки, Ўзбекистон ҳукумати энг элементар иқтисодий ислоҳотларни ҳам ўтказгани йўқ. Оддий савдогарни ортидан қувиб юриш, бу — жуда уят. Бундай вазиятда мамлакат аҳли қўзғалиб кетишидан қўрқаман”.

Қозоғистонлик Азимбой Ғали фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўзи учун ўзи чоҳ қазимоқда. Мамлакат аҳли қўзғалиб, бир нотинчлик бошланса, табиийки, Қозоғистонга ҳам, минтақанинг бошқа республикаларига ҳам катта акс таъсири бўлиши аниқ, дейди суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG