Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

Жанубий Осиёдаги табиий офат тафсилотлари


Куни кеча Жанубий Осиёдаги Шри-Ланка, Индонезия, Ҳиндистон, Малайзия ва Таиландда содир бўлган кучли зилзила ва унинг ортидан келган тўфон оқибатида қурбон бўлганлар сони 23 минг кишига етди. Ҳозирда бу мамлакатларда қутқарув ва қидирув ишлари олиб борилмоқда, қурбонлар сони эса вақт сайин ошиб бораяпти. Табиий офат туфайли уй-жойларини йўқотган, бошпанасиз қолган аҳоли сони 1 миллиондан ортиқ, деб хабар қилинмоқда.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилаётган лавҳаларни кузатар экансиз, улардаги манзара кучли сув тошқини содир бўлгандек тасаввур уйғотади. Мутахассислар эътирофича, дастлаб, Рихтер ўлчови бўйича 8 – 9 баллик зилзила содир бўлгани ва унинг ортидан кучли тўфон бошлангани табиий офатни жуда даҳшатли фожеага айлантирди.

Шри-Ланка, Индонезия, Ҳиндистон, Малайзия ва Таиланд давлатларининг соҳилбўйи ҳудудлари кучли ер силкинишидан сўнг кучли сув тўлқини остида ҳам қолди. Зилзила Индонезия пойтахти Жакарта шаҳридан 1600 километр шимоли-ғарбда, денгиз сатҳидан 40 километр чуқурликда содир бўлди ва кучли сув тўлқинлари билан атрофга тарқалди. Айрим ҳудудларда сув тўлқинининг баландлиги 10 метрдан ортди.

Ҳозирда расмий маълумотларга кўра, Шри-Ланкада тахминан 12 минг одам нобуд бўлган. Мамлакат президенти Чандрика Кумаратунжа табиий фалокат туфайли ёрдам сўраб, халқаро жамоатчиликка юзланди. Шри-Ланкалик фуқаролардан бири ҳодисани шундай тасвирлайди:

“Менинг ва икки ўғилим сув тўлқини денгиздан қандай ёпирилиб келаётганини ўз кўзларимиз билан кўрдик. Бу жуда катта ва шиддатли тўлқин эди. Сув тўлқини орасида ҳар хил буюмлар ҳам бор эди”.

Сўнгги маълумотларга кўра, Индонезияда 4350 одам нобуд бўлган. Ҳиндистонда эса 2000 дан ортиқ киши нобуд бўлгани расман хабар қилинмоқда. Ҳиндистондаги Мадрас шаҳрида яшовчи бир балиқчи фожеа ҳақида бундай ҳикоя қилади:

“Зилзиладан сўнг биз уйда қолган эдик. Бирдан уйимизга сув ёпирилди. Бу сув тўлқини шунақа улкан эдики, қирғоқдаги одамларда қочиш учун ҳеч қанақа имкон қолмади. Қирғоқда ўйнаб юрган кўпгина болалар нобуд бўлди. Кексалар нобуд бўлди”.

Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх мамлакат ҳарбий кучлари тўла сафарбар қилинганини маълум қилди. Фожеа муносабати билан ўказилган матбуот анжуманида эса Ҳиндистон Ички ишлар вазири Шивраж Патил бундай билдирди:

“Табиий офатдан жабр кўрган штатлар раҳбарияти аҳолига ёрдам кўрсатиш учун бор имкониятларини ишга солаяпти. Ҳозир қанча одам жабр кўрди ва уларга қандай ёрдам керак, бунинг учун қанча маблағ керак, шуни аниқлаяпмиз”.

Табиий офатга дуч келган Таиланд ва Малайзияда эса ҳозир айни сайёҳлар келадиган мавсум эди. Бу икки давлатнинг соҳилбўйи ҳудудларидаги пляжлар сайёҳлар билан тўлиб-тошганди. 10 метрлик сув тўлқини эса айнан Таиланднинг дунёга танилган Пхукет пляжига ёпирилди. Бу пляжда сув тўлқини остида қолиб, 120 одам нобуд бўлгани, мингга яқини жароҳатлангани расман хабар қилинмоқда. 800 дан ортиқ сайёҳ ва маҳаллий аҳоли бу ҳудудлардан кўчирилди. Таиланд Бош вазири Тақсин Синаватра:“Бизнинг мамлакатимизда шу вақтгача бу қадар аянчли фалокат содир бўлмаган эди”, - деб билдирди.

Мутахассислар охирги 40 йил ичида Жанубий Осиёда бундай кучли ер қимирлаши содир бўлмаганини эътироф этишмоқда. Сўнгги марта шундай зилзила 1964 йили Аляскада содир бўлган. Ўшанда зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича 9.2 баллни ташкил этган эди.

Халқаро жамоатчилик ва дунё мамлакатлари Жанубий Осиёнинг ер қимирлашидан азият чеккан давлатларига ҳамдардлик билдирмоқда ва ўз кўмагини жўнатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жабр кўрган мамлакатларга халқаро ёрдам кўрсатиш бўйича махсус ишчи гуруҳини таъсис этди. Европа Иттифоқи эса жабр кўрган мамлакатларга уч миллион доллар миқдорида маблағ жўнатишини маълум қилди. Гуманитар ёрдам жўнатишини маълум қилган мамлакатлардан бири, жумладан, Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси яқин кунлар ичида гуманитар ёрдам ортилган икки самолёт Шри-Ланка ва Индонезияга етиб боришини маълум қилди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш мумкин, ўтган йили Эроннинг Бам шаҳрида кучли зилзила содир бўлган эди. 32 мингга яқин одам нобуд бўлган эди, 18 мингга яқин одам эса жароҳатланган эди. Шунингдек, ўтган йили содир бўлган яна бир кучли зилзила Жазоирда қайд этилган. Унда 2300 га яқин одам нобуд бўлган эди.
XS
SM
MD
LG