Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

“Шарқ” Бухорога саккиз соатда етказади


Ҳакимбек 28 декабрь куни Тошкент-Бухоро йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди. Маълумотларга кўра, бу поезд икки шаҳар оралиғидаги масофани босиб ўтиш вақтини қарийб беш соатга қисқартиради.

Бундан бир йилча муқаддам Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳам “Регистон” деб ном берилган тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилганди. Тошкент-Бухоро йўналишидаги тезюрар поездга эса “Шарқ” номи берилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси матбуот котиби Сувонқул Мелиевнинг сўзларига қараганда, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилишдан аввал Тошкентдан Бухорога элтувчи темир йўллар тўла таъмирланган.

Илгари Тошкентдан йўлга чиққан поезд Бухорога етиб келиши учун 12 соатдан ортиқ вақт сарфланди. С.Мелиев “Шарқ” тезюрар поезди 120-130 километр тезликда ҳаракатланиши, шунинг учун у Тошкентда Бухорога 8 соатда етиб боришини таъкидлади.

“Тезюрар поезд вагонлари Тошкентдаги вагон таъмирлаш заводида замонавий талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилди. Йўловчилар сафар давомида ҳордиқ чиқариши учун вагонда барча шароит яратилган. Вагонлар телевизор ва алоқа воситалари, иситиш ва совутиш мосламалари билан таъминланган. Вагонлар хизмат кўрсатиш даражасига қараб уч тоифага бўлинган”, - деди С.Мелиев.

С.Мелиевнинг билдиришича, “Шарқ” поезди Жиззах, Самарқанд, Навоий шаҳарларидан ўтади. Айни пайтда ҳаракат режаси ва чипталар нархини белгилаш учун маркетинг тадқиқотлари ўтказилмоқда.

Илгарироқ Самарқанд, эндиликда эса Бухорога тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилгани мамлакатда туризм соҳасида ташланган катта қадам сифатида баҳоланмоқда.
XS
SM
MD
LG